20:00 / 22.12.2020
9984

Ереванда норозилик намойишлари ўтказилмоқда, умуммиллий иш ташлаш эълон қилинди

Мухолифат партияси вакили Наира Зограбяннинг таъкидлашича, норозилик акцияси бош вазир Никол Пашинян истеъфога чиқмагунига қадар ҳар куни ўтказилади.

Фото: Степан Погосян/ТАСС

 Арманистон пойтахти Ереванда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланди, мухолифат умуммиллий иш ташлаш эълон қилди. Бу ҳақда Радио Азатутюн хабар бермоқда.

Хабарга кўра, намойишчилар Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Улар ҳукумат биносини қуршаб олгани айтилмоқда.

Мухолифат партияси вакили Наира Зограбяннинг таъкидлашича, норозилик акцияси Пашинян истеъфога чиқмагунига қадар ҳар куни ўтказилади.

10 ноябрда Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги баёнот имзоланганидан буён Арманистонда Пашиняннинг истеъфоси талаб қилинган митинг ва намойишлар бўлиб ўтмоқда. Баёнот шартларига мувофиқ, Қорабоғ ҳудудининг катта қисми Боку назоратига ўтди. Мухолифат ушбу келишувни Арманистоннинг таслим бўлиши деб ҳисобламоқда.

Top