19:20 / 23.12.2020
6894

«Ўзбекнефтгаз»: Ўзбекистонда 11та янги табиий газ қудуғи очилиб, қазиб чиқариш ҳажми сезиларли ошди

Устюрт платосида 3 та, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида 4 тадан қудуқ очилиши натижасида табиий газ қазиб чиқариш ҳажми сезиларли ошди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра, табиий газ қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш борасида бир қатор ишлар бажарилмоқда.

Жумладан, табиий газ қазиб чиқариш конлари ва қудуқларини очиш ва улардан самарали фойдаланиш учун қилинган ишлар ўз самарасини бериб, Устюрт платоси, Қашқадарё ва Бухоро вилояти ҳудудидан 11 та табиий газ қудуғи очилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган «Шарқий Бердақ» конидаги 47-сонли қудуқда ўзлаштириш натижасида кунлик 100 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1 тонна газ конденсати; Мўйноқдаги «Учсой» табиий кўли қирғоғида жойлашган «Шарқий Бердақ» газ конденсат конидаги 82-сонли қудуқда кунлик 100 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1 тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришилди.

Устюртдаги «Шимолий Бердақ» газ конденсат конидаги 64-сонли қудуқ олиб борилган бурғилаш ишлари натижасида эса, кунлик 210 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1,5 тонна газ конденсати қазиб чиқариляпти.

Шунингдек, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Алан» газ конденсат конидаги №210 сонли қудуқда бурғилаш ишлари натижасида, кунлик 80 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1,9 тонна газ конденсати; «Жанубий Кемачи» конидаги 113-сонли қудуқдан эса кунлик 57 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1,6 тонна газ конденсати; «Зеварда» газ конденсат конидаги 313-сонли қудуқдан 80 минг куб метр саноат миқёсидаги табиий газ ва 1,5 тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришилди.

«Андакли» конидаги 5-сонли қидирув қудуғида Юра қатламининг нефть ва газга истиқболлигини ўрганиш мақсадида бурғилаш ишлари бошланган эди. Қудуқни синаш жараёнида 2464–2459 метр оралиғидан (Юра даври терриген ётқизиқларининг XVII қатлами) перфорация ишлари натижасида табиий газнинг кунлик дебити 16 мм штуцерда 426,5 минг куб метрни ва 34,1 куб метр газ конденсатини ташкил қилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Жанубий тандирча» газ конденсат конидаги 60-сонли қудуқдан кунлик 70 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1,5 тонна газ конденсати, қазиб чиқарилишига эришилди.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан айнан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида бир қатор геолого-техник тадбирлар амалга оширилди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Қулбешкак» газ конденсат конидаги 51-сонли қудуқни ўзлаштириш натижасида кунлик 100 минг куб метр саноат миқёсидаги табиий газ ва 2 тонна газ конденсати «Дояхотин» газ конденсат конидаги 84-сонли қудуқдан кунлик 100 минг куб метр саноат миқёсидаги табиий газ ва 1 тонна газ конденсати, «Ҳожиқазғон» конидаги 51-сонли қудуқда кунлик 100 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1 тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришилди.

2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб бугунги кунга қадар «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 42 та янги қудуқларни бурғилаб ишга қўшилди, 193 та мавжуд қудуқларда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишларини бажарилди, 15 технологик объектларни қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.

Табиий газ сиқилишларини ва газ қаршилигини олдини олиш, қудуқлардан табиий газни қазиб олишни бир маромида олиб бориш учун 23,2 км ҳар хил турдаги газ қувурлари қуриб ишлатишга топширилди.

Газ қазиб олиш конларидаги сиқув компрессор станцияларини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида, газ турбинали двигателларни капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш учун «КМПО» ва «Мотор Сич» заводларидан капитал таъмирлашдан 5 дона двигателлар олиб келинди ва ишлатишга топширилди. Куз-қиш мавсумида компрессор станцияларини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 15 та газ ҳайдаш агрегатларида регламент ва ювиш ишлари амалга оширилди.

Учқир сиқув компрессор станцияси ишга туширилди, кунлик 1,0 млн куб метр табиий газ қазиб олиш оширишга эришилди. Бугунги кунда қудуқлар фонди билан ишлаш ва оптимизация ишлари амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида сентябрь ойидан бошлаб кунлик табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари 89,7 млн куб метрдан 92,5 млн куб метргача оширишга эришилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top