19:34 / 25.12.2020
13616

Зеленский агар Россия Украинага ҳужум қилса, аёллар ҳам армияга чақирилишини айтди

Аввалроқ «Қрим-татар халқи мажлиси» жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Рефат Чубаров Россия Днепрнинг сув ресурсларини ярим орол эҳтиёжи учун йўналтириш мақсадида Қрим тарафдан ҳужум уюштириши мумкинлигини айтган.

Фото: Ukrinform / ZUMA / Wire / ТАСС

Агарда Россия Қрим тарафдан ҳужум қиладиган бўлса, Украина эркакларни ҳам, аёлларни ҳам армияга сафарбар қилади. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский «Фокус» журналига берган интервюсида айтди.

Аввалроқ (Россияда тақиқланган) «Қрим-татар халқи мажлиси» жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Рефат Чубаров Россия Днепрнинг сув ресурсларини ярим орол эҳтиёжи учун йўналтириш мақсадида Қрим тарафдан ҳужум уюштириши мумкинлигини айтганди, деб ёзади «112 Украина».

Зеленский воқеаларнинг бундай тарзда ривожланишини даҳшатли деб атади ва бу юз бермаслигига умид билдирди.

«Акс ҳолда катта уруш бўлади. Биз ҳеч қаерга кетмаймиз, ҳаммамиз жанг қиламиз, барча – эркаклар ҳам, аёллар ҳам сафарбар қилинади. Бу Украина халқи учун ёмон бўлади. Россия буни жуда яхши тушунади деб ўйлайман», — деди Украина президенти.

Қрим Россия таркибига қўшилганидан сўнг Херсон области ҳукумати ярим оролнинг сув таъминотини тўсиб қўювчи тўғон қурганди. Март ойида Украина бош вазири Денис Шмигал Қрим мамлакат таркибига қайтмагунича Киев сув таъминотини техник жиҳатдан қайта тиклай олмаслигини айтганди.

Top