19:11 / 27.12.2020
19701

Биргина қайд асири: Ургутда 34 йилдан бери яшаб, фуқаролик паспорти ололмаётган 8 боланинг онаси

Ургут шаҳри «Катта Торинжак» маҳалласида истиқомат қилаётган Малика Раупова 1968 йилда Душанбеда туғилган. У туғилиб ўсган шаҳрига бормаганига 30 йил бўлди. Чунки паспорти йўқ.

Ургут — Самарқанд вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош тумани. Азалдан икки қардош юрт ўртасида қиз олиб, қиз беришлар, борди-келди, қуда-андачилик йўлга қўйилган.

Малика Раупованинг ҳам асли келиб чиқиши Ургутнинг «Испанза» маҳалласидан. Ота-боболари Душанбега кўчиб кетган ва у ўша шаҳарда туғилган. Болалигидан Ургутга — қариндошлариникига меҳмонга келиб юриб, 18 ёшида бахтини шу ерда топган...

8 фарзанднинг онаси Малика Раупова

Ургутга келин бўлиб тушганига ўттиз тўрт йил бўлган, саккиз фарзанднинг онаси Малика опа ҳануз фуқаролик паспортига эга эмас. У турмуш ўртоғи Азим Раупов билан 1986 йили Душанбе шаҳрида расмий никоҳдан ўтишган. Ўшанда у қизлик фамилияси Мухторовани эрининг фамилияси — Рауповага алмаштирган.

Малика Раупованинг турмуш ўртоғи Азим Раупов
«1986 йилдан буён у менинг рафиқам эканлиги паспортимда ҳам қайд этилган», дейди Азим Раупов.

«Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»даги қонунга кўра, 1992 йилгача бошқа давлатлардан Ўзбекистон ҳудудига кириб келганларгагина фуқаролик берилади.

Ургут туман ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Шерзод Ҳалимовнинг билдиришича, туманда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони 800дан ортиқ экан. Биргина 2020 йилнинг ўзида бундай фуқароларнинг 80 нафари фуқароликка қабул қилинмоқда.

Ургут туман ИИО ФМБ М ва ФРБ бошлиғи, подполковник Шерзод Ҳалимов

Маълум бўлишича, Малика опанинг эса шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари йўқотилган. Унинг ўзи собиқ иттифоқ даврида, 1990 йилгача Душанбедан паспортини доимий пропискадан чиқариб келганлиги, бироқ турли сабаблар билан Ургутга доимий қайдга тиркай олмаганлигини айтиб ўтди. Бугунги кунга келиб шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган она 9 ёшли ногирон кенжатойи Хондамирга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ҳам расмийлаштира олмаяпти.

Йўқотилган айрим ҳужжатлар, жумладан, ўзининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва никоҳ гувоҳномаси Тожикистонда қайта тикланган, бироқ фуқаролик берилиши учун бош асос — қишлоқ кенгаши журналида прописка қайд этилмаган. Бусиз фуқаролик паспорти беришнинг имкони йўқ.

М.Раупованинг Тожикистонда тиклаб берилган туғилганлик ва никоҳ ҳақидаги гувоҳномалари

Ҳолбуки, Малика опа 34 йилдан буён шу қишлоқда истиқомат қилаётганини ёши катта ҳар бир торинжаклик тасдиқлайди.

Ургут шаҳар «Катта Торинжак» МФЙ раисининг ўринбосари Аъзам Салоҳиддинов М.Раупова СССР вақтида келин бўлиб тушиб келганини тасдиқлаб, бу оиланинг барча аъзолари маҳалла рўйхатида қайд этилганини таъкидлаб ўтди.

«Катта Торинжак» МФЙ раисининг ўринбосари Аъзам Салоҳиддинов

Бу орада Рауповлар оиласида фарзандларининг етти нафарига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берилган – эр-хотиннинг никоҳ гувоҳномасига асосан. Улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари. Бироқ кенжатойи, ногирон Хондамирга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш ва уни даволатиш учун онасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини талаб қилиб қолишган. Ҳужжатсиз Хондамир эса ҳозир мактабга ҳам бормайди, уйида ҳам ўқитилмайди. Боз устига, уни даволатиш ҳам керак.

Малика Раупова ногирон кенжа фарзанди Хондамир билан

Аёлнинг ўзи бир вақтлар жамоа хўжалигида меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи ҳам айни вақтда ишсиз. Томорқада ток етиштириб, майиз қилиб рўзғор тебратишади. Ҳалол меҳнат ортидан олти ўғил ва икки қиздан уч нафарини уйли-жойли қилишди, бир қизни узатишди.

Ургут туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида бўлим бошлиғи Шерзод Ҳалимов Малика опани шахсан қабул қилиб, вазиятни тушунтирди. Малика Рауповага Фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси расмийлаштириб бериладиган бўлди.

Бўлим бошлиғи унга фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси билан фақат сайланиш ва сайлаш ҳуқуқидан фойдалана олмаслигини билдирганида, 8 фарзанднинг онаси шу пайтгача бирорта сайловдан қолиб кетмагани, доимо сайловларга таклифнома олгани ва уларда овоз бериб қатнашиб келганини таъкидлади.

Малика Раупова ўзини ич-ичидан Ўзбекистон фуқароси санайди. Тожикистонда берилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида ҳам, никоҳ гувоҳномасида ҳам унинг миллати ўзбек кўрсатилган. Лекин у собиқ иттифоқ даврида берилган фуқаролик паспортини қайддан чиқариб, йўқотиб қўйган. Унинг 34 йиллик турмуш ўртоғи шу ерда. 8 фарзанди шу заминда туғилган. Энди ўзи фуқароликдан бенасиб.

Ҳужжатсиз она ногирон фарзандига ҳам ҳужжат ололмаяпти

Чунки Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, белгиланган тартиб-қоидалар бунга изн бермайди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top