Жамият | 17:20 / 15.07.2019
16373
4 дақиқада ўқилади

«Фуқаролигимни олиб қўйишди». Косонсойлик аёл 16 йилдан буён фуқаролик орзусида

Фуқароликка эга бўлиш жуда нозик масала. Буни балки фуқаролиги бор ҳамюртларимиз тушунмас, бироқ йиллар давомида паспортсиз юрган ҳамюртларимиз учун бу - ҳақиқий орзу. Айни шу масалага алоқадор бўлса-да, косонсойлик Муқаддас Неъматуллаеванинг мурожаати бироз ўзгачароқ......

Бу аёл фуқаролиги йўқ бошқа шахслар қатори 1991 йилдан бери бу «мақом»да бўлмаган. У бунга кейинроқ «лойиқ кўрилган».

«Мустақил бўлганимиздан сўнг, бошқалар қатори фуқароликка эга бўлдим. 1999 йил охирида 25 ёшга тўлганим туфайли паспортни янгидан олдим. 2003 йил 25 февралда ИИБ ходими Н.Н. исмли шахс келиб паспортимни олиб кетишим кераклигини айтди. «Қирғизистонда туғилганларнинг паспортларини текширяпмиз, қайтиб олиб келиб бераман» деб тилхат ёзиб олиб кетди. Шу бўйи паспортимни кўрмайман. Ўша йили 3 ноябрда Косонсой туман прокуратураси ва Косонсой туман МХХ ходимлари текшириб, «фуқаро Неъматуллаева Муқаддас Жўрабековнанинг паспорти ўзига қайтариб берилсин» деган қарор чиқаришди.

Мен бу қарорни ИИБга кўрсатганимда вақтинчалик паспорт беришди. Шу алфозда 2006 йилга қадар юрдим. Кўплаб ташкилотлар эшигини қоқдим. Наманган вилоят ИИБ бошлиғи генерал А.Усмонов қабулига кириб бўлган воқеани айтиб бердим. У масалани тезда ҳал қилиш кўрсатмасини берди. Қўл остидагилари эса 2 соат ўтиб қўлимга ушбу фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини тутқазишди. Табиийки, мен бунга қарши бўлдим. Ахир мен тўлақонли фуқаро эдим-да! Фуқаролигим шу тариқа йўқ бўлди. Ўшандан бери идораларда сарсонман. Вилоят прокурори, ИИБ бошлиғи, Халқ қабулхоналаридан ҳеч қандай мадад йўқ», дейди чорасиз аёл.

Биз бу аёлдан керакли ҳужжатлар, мурожаатлар натижасида олинган жавоб хатларини сўрадик. Бизга бир даста ҳужжат тақдим этилди. Қуйида улардан баъзиларини ҳавола этамиз.

Ушбу ҳужжатда Наманган вилоят прокуратураси тегишли тартибда ўтказилган текширувларда ушбу аёлнинг меҳнат дафтарчасида 1990 йил 4 март куни 26-сонли буйруқ билан Косонсой сабзавот-сут маҳсулотлари жамоа хўжалигига ишга қабул қилингани, 1992 йил 2 февраль куни вазифасидан озод этилгани ҳақида нотўғри маълумотлар киритилгани аниқланган экан. Бироқ, терговга қадар текширувлар натижасида бу аёлга жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига биноан жиноят иши қўзғатилмаган, яъни қилмишида жиноят таркиби аниқланмаган. Ушбу ҳолатлар сабабли фуқаролик паспорти йўқ қилинган. Бироқ, бу аёлнинг фуқаролиги масаласида ҳозирги кунда президент ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга тақдим этилгани айтилган.

Наманган вилоят Косонсой тумани МваФРБ бошлиғи Ф. Мадраҳимов билан шу масалада учрашмоқчи эдик. Бироқ масъул шахс иш юзасидан бошқа жойда экан. Шу сабабли, идоранинг инспектори Абдуҳаким Абдуллаев билан гаплашдик. Бу ходим ҳам мурожаатчи аёлнинг масаласи президент ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга топширилгани, керакли ҳужжатлар ҳавола этилганини айтиш билан чекланди.

«Мен ҳақ бўлганим туфайли мурожаат қилишдан тўхтамаяпман. Кўп марталаб мурожаат қилганим сабабли шундай айблар қўйилган, бироқ исботланмаган. Худди ўша вақтда мен кабилар кўп эди. Мисоллар ҳам келтира оламан. Нега улар текширилмай айнан менинг фуқаролигим олиб қўйилган? Қўлимда турган фуқароликни олиб энди қачон беришади?», дейди алам билан фуқаролиги йўқ аёл.

Биз ушбу аёл ҳам жамиятимизнинг тўла-тўкис аъзоси бўлиб, ярим кўнгли тўлишини, идорама-идора саргардонликлар якунига етишига умид қиламиз.

Баҳодир Аҳмедов

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид