12:14 / 27.12.2020
26509

«Мендан кўра, Жалолиддин Машарипов совринга ҳақли эди». ЎФА тақдирлаш маросимидан кейин Элдор Шомуродов, Рўзиқул Бердиев ва лауреатлар фикри

 26 декабрь куни Тошкентдаги «Зарафшон» залида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан 2020 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Йил давомида ўзини кўрсата олган футболчи ва мураббийлар билан бир қаторда расмийлар ҳам махсус совринлар билан тақдирланди. «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов Ўзбекистонда 2020 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида ортиқча деб топилган бўлса, «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийига айланди.

Йил лауреатларини тақдирлаш маросимидан кейин бир қатор совриндорлар ва номзодлар ҳамда расмийлар Kun.uz ва Tribuna.uz мухбири саволларига жавоб қайтаришди.

Элдор Шомуродов: «Мендан кўра, Жалолиддин Машарипов совринга ҳақли эди»

ЎФА тақдирлаш маросимига Италиядан етиб келган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Женоа» клуби форварди Элдор Шомуродов ҳам «йил футболчиси» номига якуний даъвогарлар қаторидан ўрин олганди. Тадбирдан кейин дастлаб бу сафар совринсиз қолган Элдорни саволга тутдик.

«Авваламбор, барчани келаётган байрам билан табриклайман. Бу йил энг яхши бўлишни кутганмидим? Тўғриси, мендан кўра, Жалолиддин Машарипов йилнинг энг яхши футболчиси совринига муносиб эди ва ҳақли ғалаба қозонди.

- Бу совринни ютиш учун сизга нима халақит берди?

- Фикримча, мавсумни бир текисда ўтказа олмаганим учун совринга ҳақли бўлмадим.

- Италиядаги фаолиятингиздан қониқяпсизми? «Женоа»да мураббийнинг алмашинуви сизга қандай таъсир қиляпти?

- Ҳозирча ҳаммаси яхши. Бош мураббий ўзгаришининг ҳеч қандай ёмон таъсири йўқ, ҳаммаси жойида. Италияга қайтганимдан кейин яна асосий таркибдаги ўрним учун курашишда давом этаман.

Рўзиқул Бердиев: «Насаф»нинг ёшларга таянган сиёсати тўғри эканлигига бугун амин бўлдим»

ЎФА тақдирлаш маросимида «Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийи» номинациясида ғолиб бўлган Қаршининг «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев мухбиримиз билан суҳбатда қувончини яширмади.

- Бугунги маросимдан жуда ҳам хурсандман, чунки жамоам кўп совринга эга чиқди. Айниқса, ёш ўйинчиларим бугунги эътирофларга лойиқ эдилар, деб ўйлайман. Шу боис бундан жуда ҳам хурсандман. Клубнинг ёшларга ишонч билдириш сиёсати тўғри эканлигига бугун яна бир карра амин бўлдим. Чунки ёшлар билан Суперлигада 2-ўринни олганимизга ва уларнинг ўсишига бизнинг ҳам ҳиссамиз борлиги хурсанд қилади.

Энг яхши мураббий? Шота Арвеладзенинг ҳам меҳнатларини эътироф этиш керак. У Суперлигада бежизга энг яхши мураббий деб топилмади. Чунки Арвеладзе келганидан кейин «Пахтакор»да ҳақиқий ўзгаришлар бўлди, ҳар томонлама. Олдин ҳам яхши ўзгаришлар бўлган, аммо Шота келгач «Пахтакор»нинг профессионаллик даражаси яна ҳам ўсди. Унинг натижаси ҳамма ишларни кўрсатиб турибди. ОЧЛда ҳам «Пахтакор» муносиб ўйин кўрсатди.

- «Насаф»дан анчадан буён кўпчилик чемпионликни кутмоқда. Клуб ёшларга ишонишда давом этадими ёки кейинги мавсумда чемпионлик вазифаси қўйиладими?

- Биз 2-3 йилдан буён ўз ёшларимизга ишониш йўлига ўтиб бўлдик. Биласиз, футбол мактабимиз бор, ёшларни тарбиялаш борасида катта маблағ ажратилган. Иқтидорли ёшларимиз кўп, уларга имконият берилиши керак. Ўз ишимиздан кўнглимиз тўляпти.

Чемпионлик учун курашиш учун нима қилиш керак? Энг асосийси жамоамизнинг ҳозирги ўзагини сақлаб қолишимиз лозим. Кейин таркиб яна кучайиши керак. Биласиз, бу ишлар фақат мураббийга боғлиқ масала эмас. Мақсадга яраша молиявий имконият яхши бўлиши керак. Таркибда тажрибали футболчилар бўлиши шарт. Аммо кўриб турибсиз, ҳали бизда бу ишлар кутилган даражада эмас. Шу боис клуб сиёсати ёшларга таянган ҳолда давом этаяпти.

Эсласангиз, 2017 йилда ҳам биз чемпионлик учун курашишда деярли етилгандик, аммо кўп етакчиларимизни қўлдан чиқардик. 2020 йилда ҳам биз чемпионлик таркибини деярли тайёрладик, тасаввур қилинг, мана шу таркибга 2-3 нафар тажрибали футболчилар қўшилса, «Насаф» бош соврин учун курашадиган жамоага айланади, - дейди Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийи.

Шунингдек, маросимдан кейин ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, «йилнинг энг яхши дарвозабони» Абдувоҳид Неъматов, йил рамзий жамоасидан ўрин олган «Насаф» ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов якунланган йил ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил якунлари маросимида қуйидаги лауреатлар тақдирланди:

Ўзбек футболи нуронийси – Евгений Валицкий

Энг яхши ёшлар мураббийи – Зайнидин Тожиев

Суперлиганинг энг яхши ёш футболчиси – Абдувоҳид Неъматов (Насаф)

Самарали ҳамкорлик - Coca Cola, Apex, «Sport» ва UZREPORT TV телеканали

Махсус соврин - «Турон» футбол клуби

Про лиганинг энг яхши футболчиси – Абдулазизхон Абдурашидов («Турон»)

Фидоийлик рамзи - «Пахтакор» фан-клуби

Мухлислар меҳри - «Насаф» футбол клуби

Йилнинг энг яхши ҳаками – Аҳрол Рисқуллаев

Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футзалчиси – Акбар Усмонов («Пахтакор»)

Энг яхши футбол журналисти – Зуҳриддин Қиличев («Спорт» ТВ)

Энг яхши ҳудудий ассоциация – Фарғона вилоят футбол ассоциацияси

Fair Play соврини - «Оқтепа» футбол клуби

Жасорат соврини – Ҳасан Раҳимжонов

Суперлиганинг энг чиройли голи – Санжар Турсунов (ОКМК)

Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши аёл футболчиси – Людмила Карачик («Бунёдкор»)

Суперлиганинг энг яхши тўпурари – Драган Черан («Пахтакор»)

Суперлиганинг энг яхши мураббийи – Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

Суперлиганинг энг яхши футболчиси – Жалолидин Машарипов («Пахтакор»)

Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи – Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси – Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»).

Суперлига-2020 рамзий терма жамоаси:

Абдувоҳид Неъматов («Насаф») - Мурод Холмуҳаммедов «Қўқон-1912»), Егор Кримец («Пахтакор»), Фаррух Сайфиев («Пахтакор») - Марко Станоевич («Насаф»), Нурилло Тўхтасинов («Бунёдкор»), Мурод Тошматов (ОКМК), Азиз Турғунбоев («Навбаҳор») - Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»), Драган Черан («Пахтакор»), Бобур Абдухолиқов («Насаф»).

Top