18:57 / 28.12.2020
4552

БМТ: 2020 йилда Марказий Осиёдан экспорт ҳажми 24 фоизга камайди

2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли Осиё-Тинч океани минтақасида халқаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,9 фоизга камайди. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Янгиликлар маркази хабарига кўра, дунёнинг қолган қисмида савдо билан боғлиқ вазият анча ёмон.

Фото: Fotolia

БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, глобал савдо айланмаси 2020 йилда 14,5 фоизга камайди. Шу фонда, Иқтисодий ва ижтимоий комиссия мамлакатларида унинг 2 фоизга пасайиши нисбатан камроқ кўрсаткич ҳисобланади.

Минтақанинг глобал товарлар экспорти ва импортидаги улуши 2020 йилда рекорд даражага кўтарилиши кутилмоқда - мос равишда ўтган йилги 39,9 фоиз ва 36,9 фоиздан 41,8 фоиз ва 38,2 фоизгача.

Бироқ, минтақадаги савдо айланмаси ҳар бир мамлакатда сезиларли даражада фарқ қилади. Хусусан, экспорт ва импорт бўйича савдонинг кескин пасайиши Жанубий ва Жануби-Ғарбий Осиёда кузатилди. 

Шимолий ва Марказий Осиё мамлакатларида эса экспорт бўйича энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилди - у нефть нархининг кескин пасайиши туфайли 24,4 фоизга қисқарди. 

БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси экспертларининг фикрича, ноқулай макроиқтисодий шароитлар, юқори ишсизлик, катта қарзлар ва дефляция туфайли минтақада савдони тўлиқ тиклаш истиқболлари унча катта эмас. Минтақадаги кичик давлатлар туризмнинг қулаши ва мигрантлар пул ўтказмаларининг пасайиши билан боғлиқ қўшимча муаммоларга дуч келмоқда.

Комиссия ижрочи котиби Армида Салсиа Алисжабана COVID-19’нинг фалокатли таъсири минтақадаги миллионлаб одамларни қашшоқликка қайтаришидан хавотирда.

Таъкидланишича, минтақадаги савдо билан бир қаторда, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ҳам камайган. 2020 йилнинг дастлабки уч чорагида бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга камайди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, сармоялар оқими 2021 йилда инқирозгача бўлган даражадан паст ҳолатда қолади. Келажакда уларни тиклаш истиқболлари эса кўп жиҳатдан соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз давомийлиги, инвестицияларни рағбатлантириш сиёсати самарадорлиги ва пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларига боғлиқ бўлади.

1947 йилда ташкил этилган Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссия БМТнинг бешта минтақавий комиссияларидан ҳам географик кўлами, ҳам аҳоли сони жиҳатидан энг каттаси ҳисобланади. Унинг аъзолари таркиби шарқда Тинч океанидаги Кирибати орол давлатидан ғарбда Туркиягача, шимолда Россия ва жанубда Янги Зеландиягача бўлган ҳудудни қамраб олади. Комиссия таркибига 53 мамлакат киради.

Top