17:50 / 29.12.2020
3254

«ЎзРТХБ»: Электрон давлат харидлари бўйича жами 913,7 млрд сўмлик маблағлар иқтисод қилинди

2020 йилнинг бошидан буён давлат харидларининг махсус ахборот портали www.xarid.uz орқали жами 4252,7 млрд сўмлик 753 мингдан зиёд битимлар тузилди. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда тузилган битимлар сон жиҳатдан 7,1% га, ҳажми бўйича 11,9% га ўсган.

Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 2019 йилга нисбатан 13,4% га ўсиб, 913,7 млрд сўмни ташкил қилди.

Савдоларни катта ҳажми электрон аукцион (65,1%) ва электрон дўкон (23,0%) да амалга оширилди. 2020 йилда биржа томонидан жорий этилган “Milliydo’kon” ва etender.uzex.uz электрон танлов ва тендер янги савдо тизимларининг улушлари эса мос тарзда 8,8% ва 3,1% ни ташкил қилди.

Ўтказилган электрон давлат харидларининг 58,4% бюджет буюртмачилари, 41,6% корпоратив буюртмачиларининг улушларига тўғри келган.

Энг кўп давлат харидлари соғлиқни сақлаш соҳаси (469,8 млрд сўм), олий ва ўрта махсус таълими (155,6 млрд сўм) ва халқ таълими тизимлари (144,8 млрд сўм) да амалга оширилган.

Ҳудудлар кесимида энг йирик битимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (43,9%), Навоий (8,6%), Самарқанд (6,6%), ва Қашқадарё (6,1%) вилоятларида тузилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2018 йилдан буён давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz нинг оператори ҳисобланади. Порталда давлат харидлари тўғрисида барча маълумотлар, шу жумладан, ўтказилган харидларнинг натижалари жойлаштирилади ҳамда давлат харидлари бўйича онлайн-савдолар ўтказилади.

«ЎзРТХБ» АЖ PR бўлими

Top