13:30 / 01.01.2021
17118

Видео: Тошкент аэропортида хориждан келувчиларнинг тестдан ўтказилиши қандай кечмоқда?

25 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга коронавирус ҳамда унинг янги штамми кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида хориждан кириб келувчи барча шахслар ўз ҳисобидан чегара пункти ҳудудида коронавирусга экспресс тест олиш тартиби жорий қилинди. Бу ўз ўрнида айрим тушунмовчиликлар ва норозиликларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда бу хизматнинг қимматлиги, йўловчиларнинг вақтини олиб тирбандликлар пайдо бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида бўлди.

Аэропортда тирбандликнинг олдини олиш мақсадида йўловчилар оқими терминалнинг 5та зонасига йўналтирилмоқда. 5та банкомат ва 2та валюта айирбошлаш шохобчалари йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Аэропортнинг учиб келиш залида ҳар 15-20 дақиқада ижтимоий масофани сақлаш ва пандемия қоидаларига амал қилиш бўйича овозли эслатмалар эълон қилиб борилади.

«Uzbekistan Airports» АЖ Тошкент халқаро аэропорти директорининг Ташувлар ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Умид Ҳамраев аэропортда йўлга қўйилган ишлар бўйича маълумот берди.

Умид Ҳамраев

«Юртимизга кериб келаётган йўловчиларда ПЗР тестининг манфий натижаси тўғрисидаги маълумотнома мавжудлигидан қатъи назар улардан белгиланган тартибда экспресс тест олиниши белгилаб қўйилган.

Тошкент халқаро аэропортининг «Тиббиёт дунёси» МЧЖ билан имзолаган шартномасига кўра, тест таҳлилларини олиш ваколати уларга юклатилган ва йўлга қўйилган. Йўловчиларнинг катта оқими кириб келганда, уларни ташкил қилинган 5та зонага йўналтириш ишлари аэропорт ходимлари томонидан назорат қилинади. Ҳозир бизга Машҳад-Тошкент йўналишида рейс ташриф буюради. Жараённи кузатишингиз мумкин», деди у.

«Тиббиёт дунёси» МЧЖ директор ўринбосари Баҳром Алматов аэропортга келган йўловчилар экспресс тест топшириши учун 150 минг сўм нарх белгилангани, 28 декабрдан бу нарх 95 минг сўмга туширилгани, талабалар эса 50 минг эвазига тест топширишлари мумкинлигини маълум қилди.

Баҳром Алматов

«Йўловчилардан ПЗР тест эмас, экспресс тест олинмоқда. ПЗР тестга энг камида 4-5 соат кетса, экспресс тестга 15 дақиқа кетади. 25 декабрдан буён мамлакатимизга 12та давлатдан 11512 нафар йўловчи кириб келган бўлса, шулардан 21 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланди. Улар Зангиотада жойлашган коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган шифохонага жойлаштирилди», дейди у.

Йўловчилар ҳудудга кириб келгач, ҳароратлари ўлчанмоқда. Тест топширишда регистрация жараёнида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларига махсус штрих код ёпиштирилади. Бу жараёнга 1 дақиқадан кўпроқ вақт кетади. Улар тест топшириб, юкларини олиб божхона назорат пунктларига ўтишади. Унгача тест натижалари пунктларда ўрнатилган постга электрон назорат орқали етиб келади ва агар йўловчида инфекция аниқланса, у махсус тиббий хонага ўтказилади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top