11:06 / 05.01.2021
10758

Хоразмда бир оила ис газидан заҳарланди, она ва унинг 10 ёшли қизи вафот этган

Жорий йилнинг 4 январ куни соат 19:30да Хоразм вилояти Боғот туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига ҳудуднинг Боғот шаҳарчаси “Ҳуррият” маҳалласида яшайдиган 1989 йилда туғилган Э.Ж.нинг оила аъзолари олиб келинган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, дастлабки текширувлар натижасида уларга ис газидан ўткир заҳарланиш ташхиси қўйилган.

Ёш оила хонадон соҳиби Э. Ж. ва унинг турмуш ўртоғи П.Д. 1989 йилда туғилган. Уларнинг қизи Б.Ч. 2011 йилда, ўғли Б.Б. 2013 йилда туғилган. Тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинганда П.Д. ҳамда унинг қизи Б.Ч.да биологик ўлим аниқланган.

Айни пайтда хонадон соҳиби Э. Ж. ва ўғли Б.Б.да ис газидан ўткир заҳарланиш мия шиши кома ҳолати аниқланиб, тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Фавқулодда ҳолат содир бўлишидан икки кун олдин Э.Ж. хонадонида иссиқлик қозони янги ўрнатилган бўлган, дейилади маълумотда.

Top