19:01 / 09.01.2021
9319

«Мамлакат тарихидаги энг ёмон жиноят»: демократлар Трампга импичмент эълон қилишга тайёрланмоқда

Вакиллар палатасидаги демократлар 11 январ куни импичмент амалиётини бошлаш учун Трампга қарши расмий айбловлардан иборат янги моддани тақдим этишни режалаштирмоқда.

Фото: Bill O'Leary/The Washington Post via Getty Images

Агар Доналд Трамп президентлик муддати тугагунига қадар ўз ихтиёри билан истеъфога чиқмаса, конгресс вакиллар палатасидаги демократлар унга иккинчи марта импичмент эълон қилишга уриниб кўради, деди палата спикери Нэнси Пелоси. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.

«Палата аъзолари президент зудлик билан истеъфога чиқишига умид қилмоқда», — деди Пелоси.

 Пeлосининг қўшимча қилишича, агар Трамп уларнинг сўровига қулоқ солмаса, у конгресс қуйи палатаси қўмиталарига импичмент амалиётини бошлашга буйруқ беради.

 Вакиллар палатаси аъзоси Адам Шиффнинг таъкидлашича, амалдаги президент «мамлакат ва конституцияга қарши энг ёмон жиноятни содир этди».

 Вакиллар палатасидаги демократлар 11 январ куни импичмент амалиётини бошлаш учун Трампга қарши расмий айбловлардан иборат янги моддани тақдим этишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Reuters ўз манбаларига таяниб.  

 Эслатиб ўтамиз, 6 январ куни Вашингтонда Дональд Трампнинг минглаб тарафдорларига мурожаатидан сўнг Конгрессда содир бўлган воқеалар президентни лавозимидан четлатиш масаласини кун тартибига олиб чиқди.

 2019 йил декабрда ҳам конгресс аъзолари Трампни ваколатларини суиистеъмол қилишда айблаб, унинг импичментини талаб қилишганди. Ўшанда республикачилар бу ташаббусни қўллаб-қувватламагани туфайли импичмент амалга ошмаган.

Top