08:50 / 12.01.2021
6524

Трамп хавфсизликни таъминлаш учун Вашингтонда фавқулодда вазият режимини жорий қилди  

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйнинг янги раҳбари Жо Байденнинг инаугурацияси муносабати билан тартибни сақлаш учун Вашингтонда фавқулодда вазият режимини жорий қилди ва АҚШ пойтахтига қўшимча кучларни жўнатишни буюрди.

Фавқулодда чоралар 11 январдан 24 январгача амал қилади. Байденнинг инаугурацияси 20 январда бўлиб ўтади.

Таъкидланишича, фавқулодда вазият билан боғлиқ харажатлар тўлиқ федерал бюджетдан қопланади.

Президент буйруғига кўра, ички хавфсизлик вазирлиги фавқулодда ҳодисалар ҳолатида ёрдам кўрсатиш учун барча саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиради.

Аввалроқ АҚШ мудофаа вазирлигининг миллий гвардия бошқармаси раҳбари Дениэл Хокансон Байденнинг инаугурацияси куни Вашингтонга миллий гвардиянинг 15 минг ходими жалб қилинишини маълум қилганди.

Аввалроқ Вашингтоннинг маҳаллий маъмурияти шаҳарда фавқулодда вазият режимини киритганди. Вашингтон раҳбарияти АҚШ пойтахти зарурат юзасида қўшимча федерал кучлар билан таъминланиши учун Трампга фавқулодда вазият режимини киритиш илтимоси билан мурожаат қилган.  

Вашингтонда фавқулодда вазият режими АҚШ президенти тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганидан кейин 7 январда киритилганди. Ўшанда конгрессменлар ва сайланган президент Байден Трампни намойишчиларни исён кўтаришга гижгижлашда айблаганди. Капитолийга бостириб кириш ҳолати юзасидан ички террорчилик бўйича 25дан кўпроқ жиноий иш қўзғатилган. 

Top