08:19 / 13.01.2021
8258

Инновация вазирлиги коронавирусга қарши Хитой вакцинасини синовдан ўтказиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясида ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинанинг III фаза клиник синовлари амалга оширилмоқда.

Мазкур вакцинанинг I ва II фаза клиник тадқиқотлари муваффақиятли ўтказилди. Унинг хавфсиз эканлиги қайд этилгач, III фаза вакцина синовлари амалиёти йўлга қўйилди. Вакцинани олиш учун 18 ёш ва ундан юқори бўлган кўнгилли фуқаролар қабул қилинмоқда.

Коронавирусга қарши эмланиш жараёни қай тарзда амалга оширилаётгани ҳақидаги саволларга Инновацион ривожланиш вазирлиги Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўлими бошлиғи Масъудбек Матёқубов жавоб берди, деб ёзмоқда вазирлик ахборот хизмати.

- Қандай текширувдан ўтиш керак?

- Авваламбор, вакцинани олиш мақсадида ташриф буюрган кўнгилли фуқаро билан савол-жавоб орқали суриштириш ишлари олиб борилади ва унинг соғлиғига баҳо берилади. Дейлик, инсонда сурункали касалликлар, аллергик ҳолатларга мойиллиги ёки юқори қон босимининг ошиши каби ҳолатларини билишимиз муҳим. Қолаверса, қон касалликлари ҳамда онкологик хасталиклардан азият чекаётган беморга ҳам вакцина олиш тақиқланади. Бундан ташқари репродуктив ёшдаги, яъни ҳомиладор ёки фарзанд кўриш истагида бўлган аёлларимиз ҳам клиник синовда қатнашолмайди.

Вакцина олиш истагида келган ҳар бир фуқаро рўйхатдан ўтказилади. Табиийки, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Кейин эса тартиб-қоидага мувофиқ унинг антропометрик белгилари - бўйи ва вазни ўлчанади. Шунингдек, иммунофермент (ИФА) таҳлил синамасини олишга кўрсатма берилади. Ушбу текширувнинг натижаси 20 дақиқани ичида тайёр бўлади. Бу орқали қонда вирусга қарши антитаначалар бор ёки йўқлигига аниқлик киритилади. Бу эса фуқаро олдин коронавирусга чалинмаганлигини билиш учун керакли фактордир.

- Covid-19 билан касалланган фуқаро вакцина оладими?

- ИФА текширувидан сўнг фуқаронинг таҳлил натижаси манфий кўрсатгични кўрсатган тақдирда ундан кейинги жараён, яъни ПЗР (полимер занжир реакцияси) текширувини амалга оширамиз. Унинг натижаси бир кундан сўнг тайёр бўлади. Албатта, бу ҳам манфий бўлгандан кейингина шифокор томонидан фуқарога вакцина олишга розилик берилади. Коронавирусни бошидан ўтказган беморда антитаначалар борлиги сабабли у синовда қатнашолмайди. Бу клиник тадқиқот йиғишимизда нотўғри маълумотни кўрсатади.

Тўғриси, вакцина олиш истагида келган айрим инсонларда текширувдан сўнг коронавирусни бошидан ўтказганлиги маълум бўлмоқда. Улар бундан ҳайратланишяпти. Бу асосан вируснинг енгил турини бошидан ўтказган беморларда кузатилмоқда. Негаки тождор вируснинг белгилари оддий гриппга ҳам ўхшайди.

- Эмлаш қандай тартибда амалга оширилади?

- Клиник текширувда кўнгилли инсонларнинг ҳар бир маълумоти бизда сақланади. Фуқароларнинг рўйхати шакллантирилади. Вакцина олган кунидан 30-кунида иккинчи эмланиш жараёни амалга оширилади. Шундан кейинги учинчи дозаси 60-кунида қўлланилади. Бироқ эмланган фуқаро биринчи вакцина қилинган муддатдан бошлаб бизнинг назоратимизда бир йил давомида бўлади. Аҳволи ва соғлиғи доимий равишда сўраб турилади. Шунингдек, ҳар сафар вакцина олишдан аввал керакли текширувлардан қайтадан ўтиши лозим.

Агар, клиник тадқиқот давом этаётган пайтда хоҳ биринчи доза ёки иккинчи доза бўлсин, фуқарода оғир ножўя ўзгаришлар кузатилаётган бўлса, улар кўрсатмага биноан шифохонага ётқизилади ҳамда даволаш муолажалари амалга оширилади.

- Қандай ножўя ўзгаришлар кузатилди?

- Одатда, эмланган инсонда тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик ёки кўнгил айниш ҳолатлари кузатилади. Ҳозирги пайтгача ҳали бундай нохуш шикоятлар билан мурожаатлар бўлгани йўқ.

Ҳозирда вакцина олиш истагида бўлган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигининг (mininnovation.uz) сайтида алоҳида бўлим ажратилган. Тегишли саҳифа орқали фуқаро онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Top