13:30 / 13.01.2021
15718

Каттақўрғонда уч нафар фарзанди вафот этган оила ис газидан заҳарлангани маълум бўлди

Кеча, 12 январ куни Каттақўрғон туманида бир оиланинг беш нафар аъзоси ис газидан заҳарланиш оқибатида жабрланган ва вояга етмаган уч нафар бола вафот этган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Кеча Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида бир оиланинг беш нафар аъзоси келиб чиқиши номаълум бўлган заҳарланиш оқибатида жабрлангани ва оиланинг уч нафар фарзанди вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун Самарқанд вилоят прокуратураси ҳодиса тафсилотларини очиқлади.

Маълум бўлишича, 2021 йил 12 январ куни  соат 10:00 ларда Каттақўрғон тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган Д.Ж., унинг турмуш ўртоғи 1991 йилда туғилган С.О., уларнинг вояга етмаган фарзандлари 2012 йилда туғилган С.П., 2016 йилда туғилган М.П. ва 2019 йилда туғилган Ш.П.лар яшаш уйи хонасида ис газидан заҳарланиш аломатлари билан яқин қариндошлари томонидан топилган.

Вояга етмаган С.П., М.П. ва Ш.П.лар ҳодиса жойида вафот этган ва суд тиббиёт экспертизасининг бирламчи маълумотида, уларнинг ўлими ис газидан заҳарланиш натижасида юзага келганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, ис газидан заҳарланиш ташхиси қўйилган оила бошлиқлари Д.Ж. ва С.О.га ҳозирда зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top