14:53 / 14.01.2021
5454

Kun.uz журналистика соҳасида таҳсил олаётган талабалар учун таълим гранти эълон қилди

Бир гуруҳ жамоатчилик фаоллари томонидан талабалар учун грант ва стипендиялар жорий қилишга кўмаклашувчи Metsenat.uz лойиҳаси ишга туширилган эди. Қисқа вақт ичида лойиҳа орқали умумий қиймати 2,4 млрд сўмлик 6та грант ва 2та стипендия эълон қилинди.

Шу ўринда Kun.uz нашри ҳам лойиҳанинг расмий ахборот ҳамкори сифатида журналистика соҳасида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар учун таълим гранти эълон қилади.

Ушбу грантда журналистика йўналишининг бакалавр босқичида таълим олаётган барча босқич талабалари иштирок этиши мумкин. Грант маълум бир олий таълим муассасаси учун мўлжалланмаган, журналистика йўналиши қайси ОТМда ўқитилса, ўша олийгоҳ талабалари иштирок этишлари мумкин.

Бунинг учун талабалар аввало metsenat.uz сайтидан рўйхатдан ўтишлари ва ўз шахсий анкеталарини тўлдиришлари керак. Шундан кейин қуйидаги ҳавола орқали ўтиб, Kun.uz нашри эълон қилган грантга онлайн ариза юбориш лозим бўлади.

Ғолибларни саралаб олишда талабанинг моддий эҳтиёжмандлиги, ўқишдаги ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ва ютуқлари инобатга олинади.

Танлов якунида 20 нафар талабага бир йиллик стипендиясиз тўлов-контрактининг 50 фоизи миқдорида суммаси (2.885.674 сўм) Kun.uz нашри томонидан қоплаб берилади. Таълим грантининг умумий миқдори 58 млн сўмни ташкил этади.

Аризалар жорий йилнинг 24 январига қадар metsenat.uz сайти орқали қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Metsenat.uz – бу таълимга ҳомийлик қилувчи меценатлар ҳамда талабалар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтовчи ижтимоий лойиҳа бўлиб, унда турли ташкилотлар, идоралар, компания ва тадбиркорлар таълим гранти ҳамда стипендиялар эълон қилишлари мумкин. Ҳозирда платформада яна қуйидаги грантлар учун аризалар қабул қилинмоқда:

👉 «Project Managers» МЧЖ томонидан ўзлаштиришидан қатъи назар бўлажак IT-мутахассислари учун эълон қилинган 20 млн сўмлик грант.

Квота: 5та

Аризалар: 245та

Батафсил маълумот учун ҳавола

👉 Шунингдек, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан қайси ҳудудда ўқиётганидан қатъи назар қашқадарёлик талабалар учун инновацион лойиҳаларга йўналтирилган ижтимоий грант эълон қилинган. Унда 1 млн сўмдан 100 млн сўмгача бюджетга эга бўлган бирорта инновацион лойиҳа тақдим қилиш керак. Вилоят ҳокимлиги маъқул бўлган лойиҳани сотиб олади, яъни молиялаштиради. 6та йўналиш бўйича жами 18 нафар ғолибга мўлжалланган ижтимоий грантнинг умумий миқдори 1 млрд 800 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Квота: 18та

Аризалар: 67та

Батафсил маълумот учун ҳавола

Top