18:02 / 14.01.2021
5535

«Тошкент шаҳар сув таъминоти»: Сув тармоқлари эскирганлиги сабабли йилдан йилга авариялар сони ортмоқда

Тошкент шаҳрида сув тармоқлари эскирганлиги сабабли йилдан йилга авариялар сони ортмоқда. Бу ҳақда 14 январ куни “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ ҳамкорлигида ўтказилган пресс-турда маълум қилинди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри бўйича жами 3700,8 км ичимлик сув тармоғи мавжуд бўлиб, ҳозирги кунга келиб 72 фоиз ичимлик суви, 60 фоиздан ортиқ оқова сув тармоқлари хизмат муддатини ўтаб бўлган. Буни йилдан йилга ортиб бораётган сув тармоқларидаги авариялар сонидан ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2019 йил давомида 10 198та авария бўйича таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, 2020 йилда қарийб 12 мингта авариялар бартараф этилган. Бундай авариялар сонининг ортиши ичимлик суви беҳуда йўқотилишига сабаб бўлмоқда. 

Билдирилишича, кўп йиллар давомида сув таъминоти ва канализация корхоналари қаровсиз бўлгани сабабли соҳада энг кам миқдорли тариф сиёсати юритилган ва бу аҳолини сифатли тоза ичимлик суви билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатган.

Сув таъминотидан келаётган маблағ ишлаб чиқариш харажатларини қопламагани сабабли, аксарият ҳолларда янгилаш ёки таъмирлаш билан боғлиқ ишлар бажарилмай қолиб кетаётгани айтилди. Тизимнинг бундай аҳволга келиб қолишига яна бир сабаб: йиллар давомида сув таъминоти алоҳида тармоқ сифатида фаолият юритмаган. Сувдан келган маблағлар коммунал хизматларнинг бошқа мақсадларига йўналтириб юборилаверган.

Эндиликда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти алоҳида корхона сифатида фаолият бошлади. Шундан сўнг кирим ва чиқим масалаларига ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб баҳо берилди, дея маълум қилинди тадбирда.

Top