Сув қувурлари музлаганда нима қилиш кераклиги тушунтирилди
Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши оқибатида қувурларда сув музлаб қолиши мумкин. Буни мустақил бартараф этиш мумкин ёки мутахассисларга мурожаат қилиш керак.
Агар хонадонингиздаги қувурларда сув музлаб қолган бўлса, уни эритиш учун мутахассислар хизматидан фойдаланиш ёки уй шароитида ўзингиз бартараф этишингиз мумкин. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» маълумот берди.
Қайд қилинишича, сув қувурларининг музлашига қуйидаги сабаблар таъсир ўтказиши мумкин:
- агар қувур белгиланган чуқурликда (ҳудудларга қараб 70 смдан 1 метргача) кўмилмаган бўлса;
- қувурлар иссиқлик изоляцияси қилинмаган бўлса ёки иссиқлик изоляциясининг зичлиги бузилса.
Таъкидланишича, совуқ ҳаво қувурларнинг металл ва пластмасса элементларига, бўғимларига, шунингдек, қувурларнинг юза қисмига таъсир ўтказади.
Бундай табиий ҳодиса кўламини оддий кўз билан кўриш ёки махсус жиҳозларсиз аниқлаш мумкин: қувурни оҳиста тақиллатинг – муз бор жойда товуш жаранглаб чиқмайди.
Кўпинча сув қувурлари бир-бирига уланган жойларда музлайди. Шунинг учун аввало шундай жойларни аниқлаб олинг ва муз мавжудлигини текширинг.
Қувур юзаси очиқ жойларда кучли елвизак бор-йўқлигини текширинг. Совуқ шамол бир неча соат ичида суст оқимни музлатиб қўйиши мумкин.
Музлаган қувурларни уй шароитида эритиш мумкин. Бунинг учун илиқ сувдан фойдаланинг. Ушбу усул сувнинг турғунлик зонаси аниқ белгиланган ва у кичик бўлган ҳолларда танланади. Қувурнинг очиқ музлаган жойини латта ёки бирор мато билан ўраб, устига илиқ иссиқ сув қуйинг ва сув ҳароратини секин-аста ошириб боринг. Жўмракни очинг – бу музнинг эришини тезлаштиради. Намланган латталар эса иссиқликни бир муддат ушлаб туради, пластмасса ёки металл қувурлар ичидаги музни эритишга имкон беради.
Фендан фойдаланинг. Илиқ ҳаво оқимини яратадиган ҳар қандай қурилмадан фойдаланиш мумкин. Ушбу усул қувурларда музлаган кичик майдонларни иситиш учун хизмат қилади. Аммо ушбу усул пластик қоплама ҳаддан ташқари қизиб кетиши ва эришига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис фендан фойдаланганда хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилинг.
Агар чаноқ (раковина) ёки унитаз яқинидаги қувур музлаган бўлса, унга қайноқ туз қоришмасини (10 литр сув учун 1 кг туз) қуйинг.
Таъкидланишича, ушбу усуллар қувурларда сув музлаб қолишининг енгил даражасига мўлжалланган.
Оғир ҳолатларда фақат мутахассис хизматидан фойдаланиш, бунинг учун «Ўзсувтаъминот»нинг ҳудудий корхоналари диспетчерлик хизматига мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.
Мавзуга оид
16:17 / 11.11.2024
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади
15:36 / 20.09.2024
“Йигитларни ўлимнинг оғзига олиб боришган” – М25 конида ҳалок бўлганларнинг яқинлари
12:32 / 08.09.2024
“Ўзсувтаъминот” муҳим эслатма билан чиқди
10:02 / 10.07.2024