17:29 / 17.01.2021
64958

Карим Баҳриев — чала сўз эркинлиги, Ислом Каримовни чўчитган лойиҳа ва журналист шаъни ҳақида

Ижтимоий жараёнлар ва ўзбек адабиётига доир мавзуларда туркум суҳбатлар ташкил этиб келаётган Kun.uz'нинг навбатдаги суҳбатдоши журналист, шоир, таржимон ва медиа ҳуқуқи мутахассиси Карим Баҳриев бўлди.

— Бугун «учинчи ренессанс» ўзбекистондаги амалдорлар орасида кўп қўлланилаётган атамага айланди. Сиз бу атамани аслида қандай тушунасиз ва умуман, ренессанс ҳақида ҳозирдан гапиришимиз қанчалик тўғри?

— Биз Навоий, Жомий яшаган, ёки ундан олдинроқ – Беруний даври, илм даврини ренессанс деймиз. Бу жуда катта тушунча. Масалан, ҳозир Ғарбда улкан тадқиқотлар қилиняпти. Айрим университетларда ўнлаб Нобел мукофоти лауреатларлари чиқди.

Ренессанс даврида 50га яқин даҳо чиқиши керак. Масалан, биз Навоийни даҳо деймиз, қисиниб, қимтиниб Абдулла Ориповни даҳо шоир деймиз. Хўш, бизнинг шеъриятимизда 50 нафар Абдулла Орипов, илмимизда 50 нафар Беруний чиқяптими?

Бизда қачонки, дунёни лол қолдирган кашфиётлар бўлса, шундагина ренессанс бўлади. Шунинг учун ренессанс – бизга идеал. Бугунги фойдаланаётганимиз эса Ислом Каримовнинг «Буюк келажак» иборасига ўхшайди. Мен буни бир китобимда ҳам ёзганман: «Набиралар, эвараларга айтинг, «буюк келажак» албатта келади, кутишсин». Биз уни кўрмаймиз, лекин эвараларимиз кўришар балки.

Бугунини яхшилай олмайдиган одамлар эртанинг умиди билан яшайди. Шунинг учун биз шу пайтда, шу юртни обод ва фаровон қилишимиз керак. Қандайдир олисдаги нарсани орзу қилиб яшамаслигимиз керак.

Мен Американинг буюк шоиралари Эмили Дикинсон ва Эдна Сент-Винсент Миллейнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилганман. Дикинсоннинг «Қари қиз» номли шеъри бор. Шу шеърдаги образлар силсиласига қарасангиз, «Қари қизнинг эри қабр. Қари қиз эрини жуда узоқ кутади ва гўрига гулчамбар ҳам тақдим қилади», дейди. Қаранг, қандай кутилмаган образ, кутилмаган ўхшатиш. Миллат ўша қари қиз ҳолига тушиб қолмаслиги керак. Ренессанс эртага бўлади деб, кутиб яшамаслиги керак. Бугун ҳаракат қилиш керак.

Ренессанс бир шиор, идеал сифатида қаердадир туриши керак. Унга бориш осон эмас. Юзта товуқ боққан билан ренессансга бориш қийин.

— Айрим пайтда бирор журналистнинг нимадир бўлиб, ўз позициясини ўзгартиргани, касбий собитлигини йўқотишига гувоҳ бўламиз. Сиз устоз журналист сифатида бу касбда шаън масаласини қандай тоза сақлаб қолиш мумкин деб ҳисоблайсиз? Виждон эмас, айнан шаън ҳақида сўрамоқчиман.

— Журналистлар ижодий уюшмаси ишлаб чиққан «Аҳлоқ кодекси» бор. Бу ўша кодекснинг бир қисми. Журналистнинг биринчи вазифаси – касбининг шарафини ҳимоя қилиш.

Коммунистик партия даврида коммунистик мафкура бўларди. Шу пайтларда коммунистик мафкурага тўғри келган нарса ҳақиқат, унга тўғри келмагани эса ҳақиқат эмас деб қараларди. Кейин мустақил бўлдик. Конституцияда ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилмайди, фикрлар хилма-хиллигига асосланамиз, деб белгиланди.

Албатта, бу дегани ҳар бир журналист ўзи билганини, ўзи эътиқод қилган нарсаларни қилар экан дегани эмас. Инсон ҳуқуқлари мафкураси, умуминсоний қадриятлар, миллат, маданият, тил, тарих, яшаш ҳуқуқи, ахборот, сўз эркинлиги ҳуқуқи журналистнинг маълум маънодаги эътиқоди бўлади.

Иккинчи томондан – ижтимоий масъулият. Журналистнинг масъулияти 5–6 қатлам. Биринчидан, ўзининг олдида масъулияти, ўзи ишлаётган ОАВ шаъни ва учинчидан, журналистлик ва касб шаъни.

Агар журналист пора олса, қайсидир журналист ҳокимиятдан уй олса ёки бошқа сабаб билан рост сўзни ёзмай қўйса, бу бошқа журналистларнинг шаънига келиб тегади.

Биласиз, вазирликлар 27 июн, 3 май ёки янги йилга яқин ўз соҳасини ёритган журналистларни тақдирлайди. Аслида бу – биз айтган ишларнинг бошланиши. Ҳақиқий журналист ҳеч кимдан совға олиши мумкин эмас.

Касб этикасига зид ишлар ичида уй, автомобил олишдан ташқари, зимдан бўладиган жиҳатлари ҳам бор. Масалан, касбингиз туфайли бўладиган бирор янгиликдан олдинроқ хабардор бўлишингиз мумкин. Аммо сиз бу янгиликдан шахсий манфаатингиз йўлида фойдаланмаслигингиз керак.

Масалан, сиз иқтисодий газета ёки интернет сайтда ишлайсиз. Сизга яқин атрофда фалон компаниянинг акциялари нархи кўтарилиши ҳақида хабар келди. Сиз ҳамма эшитишидан аввал шу компания акцияларини сотиб олиб, кейин оммага эълон беришингиз, бу орқали бойиб кетишингиз мумкиндир, лекин сиз касбингиз орқали хабардор бўлган маълумотдан ўз манфаатингиз йўлида фойдаланган бўласиз.

Журналистнинг касб ахлоқи – шундай чуқур нарса.

Иккинчи тарафдан, «пахта тераман» деб тўрт сатр шеър ёзган йигитга Андижонда машина берилди. Ёки яқинда раҳбарни мақтаган, жўқича бир шеър ёзадиган шоир Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди. Бундай ҳодисалар тинимсиз бўляпти.

Журналист совға-салом олишдан тийилиши керак. Ёки совға олгандан кейин ҳам танқид ёзишдан тўхтамаслиги керак.

Умуман олганда, ҳукуматдан совға-салом олган журналистларнинг танқидини аввал ҳам кам кўрардик, кейин эса улар умуман жим бўлиб кетишди.

— Охирги вақтларда турли минбарларда турли шахсларга қарата энг кўп берилаётган саволлардан бири: сиз Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражасини қандай баҳолайсиз?

— Бу кўп факторларга боғлиқ ҳолат. Бир оғиз, ҳа, йўқ ёки чала дейиш мумкин. Ҳозир бизда чала сўз эркинлиги бор.

Чуқурроқ фикрлайдиган бўлсак, сўз эркинлиги қонунчиликка боғлиқ. Бу биринчи фактор. Бизни эркин қиладиган даражада қонунчилик борми? Ҳали йўқ.

Бошқа мамлакатларга қараганда, бизда журналистикага оид қонунлар кўп, 5–6та. АҚШда масалан битта ҳам қонун йўқ. Фақат Конституциясида битта модда бор. У ҳам кейинроқ тузатиш сифатида киритилган. Америкалик журналистлар ўша модда асосида фаолият кўрсатади. Бизда қонунлар кўп ва улар кўпроқ тартибга солиш, чегаралаш учун хизмат қилади.

Бизда «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонун бор. Ўша қонунда «Давлат сирларини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди», деб ёзиб қўйишган. Яъни қонуннинг ўзида ҳавола қиладиган меъёр бор. Қонуннинг ўзида давлат сири нима экани белгиланмаган. Ахир бу қонунда бўлиши керак. Айтишингиз мумкин, қонунда бўлса, унинг сирлиги қоладими, деб. Йўқ, унда шунчаки нималар давлатнинг сири экани белгиланади. Узоққа бормайлик, Тожикистонда бу рўйхат қонун билан белгиланган.

Қайсидир йили ўзбек журналистларидан бири Америка элчиси билан интервю қилган. Интервюда у «Зарафшан-Ньюмонт» Америка-Ўзбекистон қўшма корхонаси йилига 70 тонна олтин ишлаб чиқаради, деган гапни айтган. Цензура эса шу журналист ишлайдиган газетада шу мақоланинг чиқишига рухсат бермаган. Уларнинг фикрича, ўша пайтда олтин давлат сири ҳисобланган.

Газета бунга норозилик сифатида газетадаги ўша мақоланинг ўрнини оппоқ, ҳеч нима босилмаган ҳолда чиқарган. Бир кундан кейин эса ўша муҳаррир ишдан олинган.

Мен сизга қонунчиликдаги номукаммалликларни ўнлаб санашим мумкин. Ҳозир фақат қонунчилик ҳақида гапирдим. Бундан ташқари, сўз эркинлиги – сиёсий ирода, мустақил суд тизимининг борлиги, одамларда сўз эркинлиги, ҳуқуқий маданиятнинг борлиги каби кўплаб омилларга ҳам боғлиқ.

Бизда сўз эркинлиги қайси даражада, деб сўрадингиз. Жавобим шундайки, сўз эркинлиги аввалги Каримов даврига нисбатан бор ва жуда яхши, лекин умумий, халқаро мезонларга қараганда ҳали чала. Бу борада бизнинг муаммоларимиз ҳали жуда кўп.

— Кўпчилик давлат телеканаллари хусусийлаштирилиши керак, деган фикрни айтади. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Масалан, давлат телеканаллари ҳукуматнинг сиёсат қуролига айланиб қолиши. Ўз ишини қўйиб, шунчаки қуруқ мақтовлар билан шуғулланиши. Лекин ОАВнинг алоҳида шахслар манфаатларига хизмат қилиб қолиши ҳам, назаримда, хавотирли ҳолат. Шу маънода биз «олтин ўрталиқ»ни қаердан топамиз?

— Бу хавотир мустақилликнинг бошларида Ислом Каримовда ҳам бор эди.

Ўшанда парламентда депутат эдим. Эркин Воҳидов қўмита раиси эди. Биз «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунни тайёрлаганмиз. Ўша қонуннинг илк лойиҳасида ОАВ таъсис этиш ҳуқуқини ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга бериш кераклигини кўрсатгандик. Аммо Ислом Каримов бу ҳуқуқни жисмоний шахсларга ҳам бериш бандини олиб ташлаган.

Ҳозир сўзим давомида эслайдиган хотирам, Ислом Каримовни характерлайди ҳам. Хуллас, ўша банд олиб ташланган куннинг эртасига Эркин Воҳидов қўмитага кириб келди-да, кулиб юборди. Мен «Ҳа, нега куляпсиз?» деб сўрадим. Шунда Эркин ака Ислом Каримов кечаси унга телефон қилгани ва ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида айтиб берди.

Ислом Каримов суҳбатда: «Эркин ака, сизлар халқ севган шоирсизлар. Ўзбек халқи адабиётининг тарихида қоласизлар. Мен тарихда қоламанми-йўқми, худо билади, лекин ҳозир 18–20 млн аҳолининг иссиқ-совуғи, яхши-ёмонига жавобгарман. Менда шунинг масъулияти бор.

Мен ўзимнинг сариқ жаҳлим билан сизларни хафа қилиб қўйдимда, мана энди ухлолмай ўтирибман. Лекин тушунинг, ҳали шундай кунлар келади, ҳар бир одам газета чиқарадиган бўлади. Лекин ҳозир биз бу имкониятни берсак, газеталарни мафия, бойлар сотиб олади. Кейин газетани ўз манфаатига ишлатади. Ҳозир шу ҳуқуқни фақат юридик шахсларга бериб турайлик», – деган.

Бу гапларнинг таг сабаби шундаки, ўша пайтда газета кескинроқ чиқса, юридик шахсни бориб бўғиш мумкин бўлган. Бу уларни ушлаб туришнинг бир йўли эди.

Лекин карангки, Ислом Каримов ваъдасида турди. Бир муддат ўтиб: «Энди газеталарни ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар очадиган қилинглар», деди. Ўша пайтда Ўткир Ҳошимов қўмита раиси бўлганди.

Шундан кейин жисмоний шахслар ҳам газета оча бошлади. Лекин жисмоний шахслар фақат спорт ҳақида ёзадиган ва асосан «Даракчи», «Ҳордиқ», «7х7»га ўхшаган сариқ матбуотни ташкил қилишди.

Ҳозирга келиб бу сариқ матбуотнинг бир қисми Мирзиёев ошкоралигидан фойдаланган ҳолда дадиллашди ва сиёсий нашрларга ҳам айланяпти.

Сиз билдирган хавотир ўша ердан келади. Бунда бир ўрталиқ йўқ, бунда биргина принцип бор. Принцип шундайки, ҳар қандай матбуот, сайт, ҳар қандай инсон ва блогер ҳам муайян манфаатга эга. Албатта, у халқнинг манфаатини ҳам ўйлайди, лекин ҳар бир муассис ва ҳар бир нашрнинг ўз манфаати бор.

Шу жумладан, ҳар бир бой ўз телевидениесини ва ўз матбуотини очаётган бўлса, бу унинг манфаатини ҳимоя қилади. Биз қўрқишимиз керак бўлгани, давлат амалдори ўз сайти ва манфаатига эга бўлиши. Давлат амалдори ўз оммавий ахборот воситасига эга бўлар экан, у бошқа ОАВни четлайди, шунингдек, давлат молиявий ва маъмурий ресурсларидан фойдаланиш хавфи юзага келади.

ОАВга эгалик қиладиган шахс бизнесмен ёки мафия бўлса бу ёмон эмас. Биз истаганимиз, ҳар қандай бой, мафия, шахс ўз газетасини қила олсин. Агар ўша бой ёки мафия ўз ОАВида кимгадир қарши мақола чиқарса, иккинчи томон ҳам ўз оммавий ахборот воситаси орқали унга жавоб бериш имкониятига эга бўлсин. Агар кимдир сизни уришса, танқид қиса, сизда унга жавоб берадиган минбар бўлмаса, бу сўз эркинлиги учун катта фожиа.

Мен турфа хил газета ва сайтлар бўлиши тарафдориман. Фақат улар ягона қонун асосида ишлаши керак.

Давлатга тегишли ОАВ билганини қилиб, танқидий ёзадиган хусусий ОАВ тақиққа учраса, бунинг оқибати яхши бўлмайди.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Top