12:37 / 18.01.2021
13857

Олий таълим тизимида ўзгаришлар. Вазирликдан маъмурий бошқарув функцияларини олиб ташлаш таклиф қилинди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов «Олий таълим: номарказлаштириш, масофавий таълим, стандартлар ҳақида» сарлавҳали постида олий таълим тизимининг янги раҳбариятига мурожаат қилиб, тизимда амалга оширилиши керак бўлган тўртта асосий қадамни санади.

У олий таълим тизимида сўнгги йилларда эришилган муҳим ижобий ўзгаришларни эътироф этган, жумладан, битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етгани, таълимнинг бакалавриат, магистратура ва сиртқи шакллари учун квоталар оширилиб, кечки таълим шакли жорий этилганини қайд этиб ўтган.

Шу билан биргаликда, давлат ва жамият бошқарувида, айниқса жойларда профессионал кадрлар танқислиги, аҳоли сонининг ўсиш суръати, олий таълим тизими инфратузилмаси ва салоҳиятининг жорий ҳолати навбатдаги ва фундаментал ўзгаришларни тақозо этаётгани таъкидланган.

«Биринчидан, олий таълим тизимини изчил номарказлаштириш, давлат назорати ва иштирокини кескин қисқартириш, маъмурий мустақиллик билан чекланмасдан, академик мустақиллик бериш учун жиддий қадамларни қўйиш керак. Вазирликнинг таълим сифатини ва давлат шартлари ижросини назорат қилиш функциясини сақлаб қолган ҳолда, маъмурий бошқарув функцияларидан воз кечиш каби иродали қарорлар қабул қилиниши керак. Вазирлик ихчам ва юқори профессионал таркибга эга бўлиши ва мувофиқлаштирувчи ролни бажаришга ўтиши лозим. 

Иккинчидан, масофавий таълимни тўлиқ жорий қилиш вақти ҳам келди. Бунинг учун етарли инфраструктураларни яратиш, қонунчилик ва процедураларда масофавий таълимга кенг йўл очиш, ўқув юртлари ундан кенг фойдаланишлари учун шарт-шароитларни яратиш зарур. Бу битирувчиларни олий таълим билан тўлиқ қамровига эришиш масаласини кейинги 10-15 йилда эмас, 3-5 йил ичида ҳал этиш, қолаверса, олий ўқув юртларининг тўлов-шартнома миқдорини оптималлаштириш имконини ҳам беради.

Учинчидан, олий таълим хизматлари бозорини яратиш мақсадида барча иштирокчилар учун тушунарли, тенг ва адолатли шартларни жорий қилиш зарур. Давлат томонидан қўйиладиган шартларини бажара оладиган, қонунчиликка амал қилишга тайёр барча иштирокчиларга соҳага инвестиция қилиш имконияти яратилиши керак.

Тўртинчидан, таълим стандартларини қайтадан кўриб чиқиш, таълим сифатини назорат қилишнинг замонавий бошқарув ёндашувларини жорий қилиш лозим. Керак бўлса, бунинг учун дунёнинг нуфузли университетларидан бошқарувни ривожлантириш бўйича маслаҳатчилар, менежерларни ёллаш, энг асосийси ҳукумат томонидан зарур маблағлар ажратилиши зарур. 

Қолаверса, вазирлик олдида олий таълимни меҳнат бозори билан бевосита боғлаш, дипломлар бериладиган йўналишларни қайта кўриб чиқиш, илмий салоҳиятни оширишни рағбатлантириш билан боғлиқ қатор машаққатли вазифалар ҳам турибди.   

Тизимнинг янги раҳбариятидан жамоатчилик мазкур йўналишларда ҳаракатларни кутмоқда ва фаол қўллаб-қувватламоқда. Бу борада, жамоатчилик фикрини чуқур ўрганиш, тизимни ривожлантириш бўйича стратегияларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз», дейилади Бекмуродовнинг телеграмдаги постида.

  • Эслатиб ўтамиз, 14 январ куни 2017 йилдан буён олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида ишлаб келган Иномжон Мажидов истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига 2017 йилдан буён Термиз давлат университети ректори сифатида ишлаб келган Абдуқодир Тошқулов янги вазир этиб тайинланганди. Иномжон Мажидов эса Ўзбекистон Миллий университетига ректор бўлди, ЎзМУнинг аввалги ректори Тошқулов ўрнига Термизга ишга юборилган.
Top