Ўзбекистон | 11:51 / 16.11.2023
22691
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон унинг томорқаси эмас». Депутатлар меҳнат муҳожирларига чеклов ўрнатишга чақирган россиялик депутатга жавоб қайтарди

Россия Давлат думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой постсовет ҳудудидаги мамлакатларда рус тилини ўқитиш масаласини кўтариб, республикаларда инглиз тилини ўрганишга устунлик берилаётгани, рус тилини миллий тиллар билан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилинаётганини айтганди.

Фотоколлаж / Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Алишер Қодиров ва Бобур Бекмуродов россиялик депутатлардан бирининг давлат тили рус бўлмаган мамлакат фуқароларига Россияда айрим касбларда ишлашни чеклаш бўйича таклифига муносабат билдирди.

«Биз ўзбек тилини билмайдиган хизматчиларни ишдан ҳайдашни таклиф қилишимиз керак(ми?) Биз бошқа йўлдан борамиз — уларга ўзбек тилини ўргатамиз. Сиз эса ўзингиз ишлашни ўрганинг. Бу рус тилига қачонлардир ҳақиқий ҳурмат пайдо бўлишига олиб келиши мумкин», — деб ёзди «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров.

«Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам россиялик депутатни бошқа давлат ишларига аралашмасликка чақирган.

«Ўзбекистон депутат Пётр Толстойнинг томорқаси эмас. 

Ўз мамлакати ва фуқаролари муаммолари билан шуғуллансин.

Ўзбекистонда рус тили эркин мулоқот тили. Биз иттифоқчи мамлакат мақомига мос ишлаяпмиз. Депутат Толстой эса йўқ», дейди у.

У меҳнат муҳожирлари учун тўланаётган пулларни миннат қилиш мантиқсиз эканини таъкидлаган.

«Жаноб Толстой, ватандошларимиз Россияда ўз меҳнати учун ҳукуматингиз белгилаган тўловларни тўламоқда.  

Уларнинг оилаларига юбораётган пулини тақсимлаш сизнинг ваколатингизга кирмайди. 

Рус тилида сўзлашувчи ватандошларимиз ҳақида эса ўзимиз қайғурамиз», деган у.

Шу кунларда россиялик депутатлардан бири Пётр Толстой Россияда рус тили давлат тили бўлмаган мамлакат фуқароларига баъзи касбларда ишлашни тақиқлаш таклиф этганди. «Агар рус тили давлат тили бўлмаса, кечирасиз, бу мамлакатлар фуқаролари бизнинг жамоат жойларида — ҳайдовчи, сотувчи, курер бўлиб ишламаслиги керак. Бундай чора-тадбирлар аста-секин вазиятни тўғрилайди», — деган эди у.

Шу йил октябр ойида ҳам Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Россия давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россиядаги мигрантлар болалари учун боғча ва мактаблар очишга ёрдам беришни сўраганидан кейин россиялик депутат Михаил Делягин бу ташаббус ноқонуний деб айтганди. «Менимча, Ўзбекистон, албатта, болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Ва Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини қайтариб ватанига олиб кетиши керак», — деганди россиялик депутат.

Бунга жавобан Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Бобур Бекмуродов ҳам ўзбекистонликларни Россиядан олиб кетишга чақирган рус депутатига жавоб қайтариб, уни ўз мамлакати «парчаланмаслиги» ҳақида қайғуришга чақирганди.

Мавзуга оид