08:42 / 18.01.2021
6577

Тошкентда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш жинояти аниқланди

2021 йил 14 январь куни Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. 

Фото: IIV.uz

ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабарига кўра, тадбир давомида Тошкент шаҳар, Янгиҳаёт тумани Қўйлиқ-3 мавзесида жойлашган “Техно инвест” МЧЖ базасида ижарада бўлган хусусий тадбиркорлар М.Д. ва А.Д. истеъмол муддати ўтиб кетган, истеъмолга яроқсиз “Блисс”, “Сочная долина” шарбатлари, “Маринелле” томат пастаси ҳамда “Молоко с сахаром” номли қуюлтирилган сут маҳсулотлари муддатларини янги санага қалбакилаштириб ўзгартириб, 25 000 000 сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ушбу база ҳудудида М.Д. ва А.Д. томонидан ижарага олинган 2та омборхона кўздан кечирилганда жами 2 477 473.000 сўмлик истеъмол муддати ўтиб кетган, истеъмолга яроқсиз, муддатлари янги санага қалбакилаштирилиб ўзгартирилган “Блисс”, “Сочная долина”, “Мева”  шарбатлари, “Кока кола”, “Фанта”, “Спрайт” ичимликлари, “Маринелле” номли томат пастаси, ўсимлик икраси, ананас, жўхори, ассорти, кабачкали икра консервалари, “Деревенская”, “Молоко с сахаром” номли қуюлтирилган сут, “Американ теа”, “Вестон теа”, “Араб теа”, Тошкент чой” номли қуруқ чой, “Авангард” номли ун маҳсулотлари ҳамда товарларнинг яроқлилик муддатларини ўчиришда фойдаланилган ацетон суюқликлари мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ИИВ хабарида.

Top