00:11 / 19.01.2021
5398

Ер, сув ва техника учун жарималар, 17 минг тонна кам йўқотиш — «Ўзагроинспекция» йиллик ҳисобот тақдим этди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуйи устидан назорат инспекциясининг 2020 йилдаги фаолият натижалари бўйича ҳисобот берилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, «Ўзагроинспекция» ўтган йили жойларда жами 63 525та назорат тадбирлари ўтказган. Улар орқали 2 158та ҳолатда ерларнинг ўзбошимчалик билан қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилгани аниқланган.

«Бунинг натижасида 117 млрд сўмлик зарар ҳисобланиб, материаллар судга киритилган», – деди «Ўзагроинспекция» ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева 18 январ кунги брифингда.

Сув ресурсларидан фойдаланишдаги 5,3 млрд сўмлик жарималар

Қайд этилишича, 2020 йилда сув ресурсларини ишлатиш бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 2 651та қонун бузилиши аниқланган.

Бунда қўлланилган молиявий жарималар 5,3 млрд сўмни ташкил қилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича корхоналарнинг масъул шахсларига нисбатан жами 3,5 млрд сўмлик 13 680 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарорлар қабул қилинган.

Трактор ва агрегатлардан ноқонуний фойдаланиш учун белгиланган жарималар

Холида Шодиевага кўра, 2020 йилда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг 19та туман ва шаҳарларида қишлоқ хўжалик техникаларидан фойдаланиш бўйича рейдлар ўтказилган.

Бу рейдлар давомида 1 730та трактор ва 110та агрегатлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Бунда 310та техника жарима майдонига олинган, 150та техниканинг мулк эгалари эса жаримага тортилган.

Хизмат кўрсатишдаги янгиликлар

Маълум бўлишича, ўтган йили «Ўзагроинспекция»нинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари техник-диагностика воситалари билан жиҳозланган 14та «DAMAS» автомашинасини харид қилган.

Шунингдек, маълумотларни киритиш учун зарур ускуналар билан таъминланиб, электрон дастурий таъминот ишлаб чиқилган. Жаҳон андозаларига мос қишлоқ хўжалиги техникаларига эгалик қилиш ҳужжатлари ва тракторчи-машинист гувоҳномаларининг янги намуналари жорий этилган.

«Шу каби тадбирлар натижасида замонавий хизматлар кўрсатишга ҳамда ваколатли ташкилотлардан келаётган сўровномаларни кўриб чиқиш муддатини 3–5 иш кунидан 1 иш кунигача қисқартиришга эришилди», – деди Шодиева.

Наслдорлиги яхшиланган қорамол, қўй ва эчкилар

Ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йили наслчилик ва селекция тадбирлари доимий назоратга олиниши натижасида, қорамолларда 10–12 фоиз, қўй ва эчкиларда 5–8 фоиз, паррандаларда 3–5 фоизининг зотлари яхшиланишига эришилган.

Эришилган 17 минг тонна кам йўқотиш

Холида Шодиева брифинг давомида буғдойнинг табиий йўқотиш кўрсаткичлари ҳақида ҳам маълумот берди.

«Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича 2020 йилда буғдойни табиий йўқотиш миқдори 113 минг тонна белгиланган эди. Амалда эса 96 минг тоннани ёки прогнозга нисбатан 17 минг тонна табиий йўқотиш миқдори иқтисод қилинишига эришилди», – деди у.

Қўшимча қилинишича, 2020 йилда уруғлик пахта етиштирувчи 3 614 та фермер хўжаликлари томонидан 180 337 тонна сифатли уруғлик пахта хомашёси тайёрланган.

Top