09:24 / 20.01.2021
7977

“Ўзбекнефтгаз”: Нефть база раҳбарлари синтетик керосин ва синтетик дизель ёнилғиси ишлаб чиқариши режалаштирилаётган GTL лойиҳаси билан танишишди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш”га доир йиғилишида нефть маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи корхона раҳбарларига ишлаб чиқариш жараёни билан танишиши лозимлиги бўйича топшириқ берилди.

Берилган топшириққа асосан, нефть базалар раҳбарлари “Uzbekneftegaz GTL” заводида бўлишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, нефть маҳсулотларини сақлаш ва транспортировка қилиш департаменти масъул раҳбарлари ва барча нефть база директорлари “Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метан асосида суюлтирилган синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш” (GTL) лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларни атрофлича ўрганиш ва тажриба алмашиш мақсадида заводга ташриф буюришди.

Бунда “GTL” заводида қурилиши режалаштирилган технологик қурилмалар, бошқарув пультлари, маҳсулотларни сақлаш сиғимлари, тўкиш ва қуйиш эстакадалари ўрганилди.

Ташриф доирасида синтетик ёнилғиларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишни ташкил этиш юзасидан йиғилиш ва музокаралар ўтказилди.

“Uzbekneftegaz GTL” заводи Бош муҳандиси GTL лойиҳаси доирасида қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулотларнинг техник таснифлари билан таништириб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа 2021 йилнинг 3-чорак якуни билан ишга туширилиши режалаштирилган.

Заводнинг табиий газни қайта ишлаш йиллик қуввати 3,6 млрд куб мер бўлиб, натижада 437,3 минг тонна синтетик нафта, 307,3 минг тонна синтетик керосин ва 724,6 минг тонна синтетик дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилади.

GTL лойиҳаси доирасида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган 724,6 минг тонна дизель ёнилғисини транспортировка қилиш, “Нефть база” МЧЖларга қабул қилиш, сақлаш ҳамда уларни республика биржа савдолари орқали сотиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш юзасидан мавжуд масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Келгусида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни чуқур ўрганиш, ечимлари бўйича таҳлиллар ўтказиш кераклиги юзасидан ҳамда лойиҳа доирасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни тасарруфдаги нефть базалар орқали сотиш механизмларини ишлаб чиқиш, маркетинг ва тарғибот қилиш бўйича тегишли “Йўл харита”си ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, нефть базаларининг метрология ва лаборатория мутахассислари иштирокида заводни ўрганиш юзасидан келишиб олинди.

 «Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top