22:32 / 21.01.2021
24191

Самарқандда газ баллони портлаши ҳодисаси очиқланди. У ерда 20 та эмас, 43 дона газ баллон бўлган

18 январ куни кечки пайт Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида қурилиши битмаган хонадонлардан бирида кучли ёнғин келиб чиқади. Дастлаб ҳодиса юз берган жойда 20 та газ тўлдирилган баллон борлиги айтилган эди. Маълум бўлишича у ерда газ тўлдирилган баллонлар сони 43 дона бўлган. Самарқанд вилояти прокуратураси ҳеч ким жабрланмаган мазкур ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини очиқлади

Бундан бир неча кун аввал, Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласидаги қурилиши битмаган хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлгани ва у ерда бўлган 20 та газ тўлдирилган баллон портлаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Самарқанд вилояти прокуратураси мазкур ҳодисанинг тафсилотлари ва келиб чиқиш сабабларини очиқлади.

Қайд этилишича, 2021 йил 18 январ куни соат 20:08 да Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида жойлашган фуқаро О.Н.нинг 3 ой олдин кўчиб кирган яшаш уйида ёнғин содир бўлган. Оқибатда уйнинг 50 м² майдони, дарвозахонада турган, 2021 йилда ишлаб чиқилган ва давлат рақами олинмаган «Дамас» машинаси зарар кўрган. Ертўлада мавжуд бўлган 20 дона маиший газ баллони портлаб ёрилиб кетган ва яроқсиз ҳолга тушган.

Воқеа жойи туман ФВБ томонидан кўздан кечирилганда дастлаб яроқсиз ҳолга келган 20 та газ баллон аниқланган. Ёнғин ўчирилгандан сўнг, воқеа жойи туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан батафсил кўздан кечирилганда мазкур уйда яроқсиз ҳолга келган 20 та газ баллонлардан ташқари яна 23 дона газ баллон борлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, хонадон эгаси О.Н. уйининг орқа томонида ер остидан ўтган табиий газ тармоғига ноқонуний улангани ва газ тортиш ускунаси (насос) ўрнатгани аниқланган.

Мазкур хонадонга 43 дона газ баллонлари қаердан келиб қолгани ҳақидаги саволларга фуқаро О.Н. хусусий корхоналардан бири билан тузилган келишувга асосан ўзининг автомашинасида корхонага тегишли газ баллонларга маиший газ тўлдириб, етказиш билан шуғулланишини маълум қилган. У ўз кўрсатмасида воқеа содир бўлган куни яшаш уйида электр симга лампочка патронини ўрнатаётган вақтда чақнаш содир бўлиб ёнғин келиб чиққанлигини, шундан сўнг уйда бўлган газ баллонлардан бир нечтаси портлаб кетганлигини баён қилган.

Қайд этилишича, олинган ашёвий далиллар бўйича Хадича Сулаймонова номидаги экспертиза марказига судга оид ёнғин экспертизаси тайинланган. Ёнғин ва унинг натижасида келиб чиққан газ баллон портлаши оқибатида жароҳатланганлар мавжуд эмас.

Ҳолат юзасидан Самарқанд туман ИИБ ТБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.

P.S. Kun.uz мухбири ҳодисанинг эртаси куни Самарқанд туман ФВБ масъулидан изоҳ олганида, у ёнғин юз берган хонадонда ҳеч ким яшамаслигини айтган эди. Бугун эса у ерда хонадон эгаси 3 ой аввал кўчиб киргани айтиляпти. Баллонлар сони ҳам ошган. Қолаверса, қандайдир хусусий корхонанинг оддийгина ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмайдиган шахсга баллонларга газ тўлдириб етказишни ишониб топшириши ҳам қалтис таваккал бўлган. 

Top