07:57 / 21.01.2021
7809

ТИВ Қирғизистонга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини қўшимча талаблар ҳақида огоҳлантирди 

Ўзбекистоннинг Бишкек шаҳридаги элчихонаси маълумотига кўра, 2021 йил 13 январда қабул қилинган «Қирғизистонга кириб келаётган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан COVID-19 коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар тартиби» талабларига ўзгартиришлар киритилди.

Ушбу тартибга кўра, Қирғизистон ва чет давлатлар фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар коронавирус инфекцияси йўқлигини тасдиқловчи, сўнгги 72 соат мобайнида (таҳлил натижаси олинган вақтдан бошлаб) ўтказилган ПЗР тест жавобини тақдим этган ҳолдагина Қирғизистонга учаётган ҳаво кемаси бортига киришига рухсат берилади.

Қирғизистонга кириб келгандан сўнг санитар-карантин шохобчалари ходимлари томонидан йўловчилар чегарани кесиб ўтаётганда ПЗР тест натижаси мавжудлиги текширилади ва уларнинг тана ҳарорати ўлчанади.

Самолёт бортида йўловчиларга «Қирғизистонга кириб келувчи сўровномаси» берилиб, у тўлдирилгандан сўнг санитар-карантин шохобчалари ходимларига тақдим этилиши лозим.

Узрли сабаблар, шу жумладан, парвоз муддати ёки авиарейснинг кечиктирилиши туфайли ПЗР тестнинг амал қилиш муддати (72 соат) ўтган тақдирда, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар келиш жойида (аэропортларда) ПЗР тест топшириши лозим.

Мазкур талаблар Қирғизистонга автотранспорт билан кириб келадиган фуқаролар учун ҳам амал қилади. «Қирғизистонга кириб келувчи сўровномаси» мамлакат давлат чегараси назорат-ўтиш нуқталаридан тўлдирилади.

Шу билан бирга, кўрсатилган талаблар қуйидаги тоифалар учун татбиқ этилмайди:

  • Қирғизистондаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари (уларнинг келиши ҳақида Қирғизистон ТИВ орқали олдиндан хабар берилган бўлиши лозим);
  • расмий делегациялар аъзолари (уларнинг келиши ҳақида Қирғизистон ТИВ орқали олдиндан хабар берилган бўлиши лозим);
  • халқаро юк ташувчи, халқаро мунтазам йўловчиларни, шу жумладан, мактабгача ёшдаги (7 ёшга қадар) болаларни ташувчи ҳайдовчилар;
  • мамлакатдаги сайлов жараёнларини кузатиш учун таклиф қилинган халқаро кузатувчилар.

Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистонга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан юқорида келтирилган талабларни ҳисобга олишни сўраган.

Top