14:57 / 21.01.2021
16825

Трамп Байденнинг инаугурациясига бир соат қолганида БАА билан қурол сотуви бўйича шартнома имзолаган – ОАВ

БААга F-35 қирувчи самолётлари етказиб берилишининг якуний муддати ҳозирча тасдиқланмаган, аммо аввалроқ бу 2027 йилда амалга оширилиши режалаштирилганди.

F-35 / Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти сайланган президент Жо Байденнинг инаугурация маросимидан бир соат аввал БАА билан 50та F-35 қирувчи самолётлари ва 18та дрон сотилиши тўғрисида шартнома имзолаган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Reuters агентлиги хабар берди.

"Шартнома Байденнинг президент лавозимига киришишига бир соатча қолганида имзоланган", - дейилади хабарда.

Шартномани декабрда имзолаш мўлжалланганди, аммо муддатлар, самолётлар нархи борасидаги ноаниқликлар туфайли музокаралар январгача чўзилди. БААга F-35 қирувчи самолётлари етказиб берилишининг якуний муддати ҳозирча тасдиқланмаган, аммо аввалроқ бу 2027 йилда амалга оширилиши режалаштирилганди.

Агентликнинг маълумот беришича, Трамп маъмурияти Абу-Даби Исроил билан муносабатларни яхшилашга рози бўлиши эвазига мазкур шартномани имзолашга ваъда берган.

Top