23:38 / 25.01.2021
6993

Бухоролик дастурчи мигрантлар учун мўлжалланган «Migrant 365» дастурини ишлаб чиқмоқда

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида IT-Park'да ҳам бўлиб, у ерда дастурчилар ва робототехниклар билан суҳбатда бўлди, уларнинг таклифларини эшитди.

IT-Park'да болалар мактаб давридан турли ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилиб, кейинчалик реал лойиҳалар ишлаб чиқишга жалб қилинади.

Президент мулоқот давомида «Мандэй ЛАБС» корхонасига асос солган 25 ёшли Саидравшан Шокиров, халқаро IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган дастурчи Шаҳрулло Тохсанов ва бошқа ёшлар билан суҳбатлашди.

Давлат раҳбари Шаҳрулло Тухсанов яратаётан «Migrant 365» дастури ҳақида ёш дастурчининг фикрларини тинглади.

«Меҳнат мигранти сифатида Россия Федерациясида бўлганимда IT соҳасига қизиқиб қолганман ва фрилансерлик фаолияти билан шуғулланишни бошлаганман. Ҳозир мен ишлаётган дастур бўйича хорижда меҳнат мигранти бўлиб юрган барча фуқароларимизнинг маълумотлар базасини ягона платформада жамлаш имконияти пайдо бўлади.

Кейинчалик бу маълумотлар базаси орқали хорижий иш берувчилар ҳам ўзларига керакли мутахассисларни топишлари осон бўлади», – дея ўзи яратаётган платформа ҳақида маълумот берди дастурчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Давлат раҳбари Бухоро давлат университети қошида ташкил этилган «Robots and me» робототехника мактабининг ёш тарбияланувчилари томонидан яратилган роботлар билан ҳам танишди.

«Robots and me» робототехника мактаби асосчиси Наврўз Эргашев президент билан суҳбатда Ўзбекистонда IT ва робототехника соҳаларини ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Мулоқот сўнгида Шавкат Мирзиёев долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ёш дастурчиларга буюртма бериш, маблағ, энергия ресурслари ва вақтни тежовчи дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Саидбек Шамсиев ва Умиджон Рахимов тайёрлади.
Тасвирчи – Нодир Воҳидов.

Top