Заршид Қамаров ҳамда Азизбек Юсупов мактабнинг 11-синфига ўтишди. Шунга қарамай улар аллақачон IT йўналишида маълум қадамларини ташлаб улгурди. Ҳозир улар топаётган маблағ катта бир оилани бемалол таъминлай олади. 

IT – сўнгги йилларда айнан ушбу қисқартма ибора жуда оммалашди. Яъни ахборот технологиялари. Ёшларнинг аксарияти “айтишник” бўламан, деяпти. Соҳага катта ёшлилар ҳам қизиқа бошлади. Умуман олганда, ушбу соҳага замонавий, келажаги бор йўналиш сифатида қаралмоқда.

Айтиш мумкинки, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси қисқа вақт ичида ахборот технологияларига қизиқиши бўлган бир неча юз минглаб ёшларга ушбу соҳа билан шуғулланиш, махсус курсларда қатнашиш, бир қатор имтиёзлар ва касб-ҳунарли бўлиш имкониятини бермоқда.

Бизнинг суҳбатдошларимиз ҳам айнан шу лойиҳа ва ташаббус ортидан ўзини кашф қилаётган, келажагини белгилаб олаётган ёшлардир.

Самарқанд шаҳридаги 9-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари Заршид Қамаров ҳамда Азизбек Юсупов аллақачон IT йўналиши бўйича маълум қадамларини ташлаб улгурди.

“Мен робототехника ҳамда радиотехникага қизиқаман. Дастлабки амалий ишимни мактабимизнинг ўзида қўллаб кўрдим. Одатда қўнғироқ чалиш учун ҳар куни бир ўқитувчи масъул бўлиб, танаффус ва дарс вақтида қўлда қўнғироқ чалиб, ҳаммани огоҳлантиради. Мен яратган “Ақлли қўнғироқ” ўқитувчиларимизни айнан мана шу юмушдан қутқарди. Махсус код киритилган ушбу қурилма керакли вақт давомида танаффус ва дарс вақтини билдирувчи қўнғироқ чалади. Шу учун ҳам кимдир банд бўлишига эҳтиёж қолмади. Буюртма асосида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ҳам худди шундай “Ақлли қўнғироқ” ясаб бердим”, – дейди Азизбек Юсупов.

Азизбек ушбу қурилмани ясаш учун унча катта маблағ кетмаслигини айтмоқда. Барча таълим муассасаларига худди шундай “Ақлли қўнғироқ”ларни ўрнатиш мумкин.

Заршид Қамаров эса архитектура ва дизайн йўналишига қизиқади. Ҳозирги вақтда кўплаб хусусий фирмалар билан ҳамкорликда ишламоқда. Бино ва объектлар дизайни, макетини ясаб бериш орқали мактабданоқ қўшимча даромад қилиш имкониятига эга бўлмоқда.