11:54 / 26.01.2021
16405

Қурилиш вазирлиги Самарқандда қурилган 9 қаватли уйнинг юқори икки қавати нима учун бузилишига изоҳ берди

Маълум бўлишича, объект қурилиши республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган ҳамда объект Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашгани сабабли турар жой биносининг 8-9 қаватлари бузилиши белгиланган.

«Объект қурилиши республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган ҳамда объект Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли турар жой биносининг 7-қаватдан юқори қисми - 8-9 қаватлари бузилиши белгиланган. Бугунги кунда «Паст Дарғом қурилиш моллари» МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмагани, республика ишчи гуруҳи томонидан қўйилган талаб бажарилмагани сабабли мазкур объект инспекция томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган», - дейилади Қурилиш вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан 2019 йил 1 мартда 03-03/355-сонли чора-тадбир ишлаб чиқилган. Кўп хонадонли турар жой биносида газ босими пастлиги, электр энергияси ва сув тизимидаги узилишларни бартараф этиш Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармаси ҳамда қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ваколатларига кирмаслиги айтилади. 

Билдирилишича, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 13 март куни шаҳар иқтисодий судига бинонинг 7 қаватдан юқорисини, яъни 8-9-қаватларни бузиш тўғрисида даъво ариза киритилган. Суднинг 2019 йил 8 майдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган. Маданият вазирлиги ҳамда «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК билан биргаликда бино баландлиги ҳамда шаҳарсозлик нормаси бўйича хулоса берилган. Бинони бузиш бўйича буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда мулк эгаси томонидан бузиш белгиланган.

«Бугунги кунда мазкур объект Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли қурилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, яъни Маданий мерос бошқармаси талабларига мувофиқ объектнинг баландлик масаласи кўриб чиқилмоқда», - дейилади маълумотда.

Самарқанд шаҳар Фирдавсий кўчаси 84-манзилда жойлашган кўп қаватли бино «Паст Дарғом қурилиш моллари» МЧЖ томонидан қурилган. 104 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойи сотиб олиниб, ўрнига пишиқ ғиштдан 9 қаватли уй қурилган. Бинода 534та хонадон мавжуд бўлиб, 392таси сотилган.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил 23 мартдаги 399-Қ-сонли қарорига асосан кўп қаватли бинода қурилиш ишлари олиб борилган.

«ТошкентбошпланЛИТИ» томонидан 2017 йилнинг 5 декабр куни кўп қаватли турар жой биноси учун хулоса берилган. 2017 йилнинг 6 март куни архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган. 2017 йилнинг 22 август кунидаги архитектура шаҳарсозлик кенгашининг 4-сонли баёнида кўп қаватли турар жой биноси қурилиши маъқулланган. 2017 йилнинг 24 августида давлат экспертизасининг кўп қаватли турар жой биносини қуриш бўйича тегишли хулосаси олинган. Қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун Қурилиш назорат инспекциясидан 2017 йилнинг 4 сентябрда 794/17-сонли рухсатнома олинган.

Қурилиш-монтаж ишлари Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан 2017 йилнинг 4 сентябрдан 794/17-сон билан рўйхатга олинган ва назорат ишлари олиб борилган.

Top