12:09 / 27.01.2021
2464

ССВ: 2020 йилда «Тез тиббий ёрдам»га 11,5 миллионга яқин мурожаат келиб тушган

2020 йилда республика бўйича «Тез ёрдам»га 11,5 миллионга яқин мурожаат тушган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу бевосита пандемия билан боғлиқлигини 2019 йилдаги мурожаатлар сони билан солиштириб билиш мумкин. Маълумотларга кўра, 2019 йилда 103 рақамига 10 миллионга яқин қўнғироқ бўлган.

Ҳудудлар кесимида олинса, энг кўп мурожаатлар Фарғона, Андижон, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан (1 миллиондан зиёд) келиб тушган бўлиб, энг кам мурожаат Навоий (355 мингдан ортиқ) ҳамда Сирдарё (384 мингдан ортиқ) вилоятларида кузатилган. 

Маълум қилинишича, пандемия даврида тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази дастурчилар марказининг Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган ҳамкорлик лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Ушбу лойиҳа доирасида Тошкентда «Тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш» хизмати мутахассислари қўнғироқларни қабул қилиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш, маълумот алмашиш ва тез тиббий ёрдам бригадаларини бошқариш бўйича ўқитилди. 

Эндиликда қилинган мурожаат тўғридан тўғри тез ёрдам бригадасига электрон тарзда узатилади. Бу орқали чақириқдан бўш бўлган ва чақириқ манзилига энг яқин бўлган тез тиббий ёрдам бригадаси хабар топади ва уларнинг ҳаракати онлайн тарзда кузатиб борилади.

Top