Бугун Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида президентнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида белгиланган 7 та муҳим йўналишдаги вазифалар ижроси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайёр қабуллари бўлиб ўтмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Қашқадарё вилоятида бошланган соғломлаштириш акцияси доирасидаги ушбу тадбирда вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари ҳамда маҳаллий мутахассислардан иборат махсус гуруҳлар фуқароларни қабул қилишга киришди.
Қарши шаҳридан йўлга чиққан махсус жиҳозланган мобиль поликлиникалар, маммограф, флюорография ва лаборатория ускуналари ўрнатилган автомашиналар ҳамда тор ихтисосликдаги мутахассислардан иборат тиббиёт карвони Чироқчи тумани марказига етиб келди.

“Мамлакатимизнинг энг йирик туманларидан бўлган Чироқчида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича муаммолар талайгина. Янги Кўкдала тумани ташкил этилиши шу каби қатор масалаларни ҳал этиш учун ҳудуд иккига ажратилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Айни пайтда пойтахтдан келган 150 нафардан ортиқ мутахассис гуруҳлар кесимида вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам тақсимланиб, жойларда “хонадонбай” тамойили асосида аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, жумладан, касалликлар профилактикаси бўйича "Соғлом турмуш мактаби", "Эндокринологлар мактаби", "Кардиологлар мактаби" каби тарғибот тадбирлари ўтказиляпти.

Шу кунларда оғир касалликка чалинган, юқори технологик жарроҳлик муолажасига муҳтож қашқадарёлик беморларда давлат ҳисобидан операциялар ҳам бошлаб юборилган. Бу амалиётлар республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан борган етакчи шифокорлар бошчилигида бажариляпти.

Хусусан, сўнгги икки кунда Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази каби қатор муассасаларда ўнлаб ана шундай мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилди.

















