15:29 / 02.02.2021
9462

Ўзбек ва япон халқлари дўстлиги рамзи – Интернация қилинган японлар музейи асосчиси билан суҳбат

Тошкент шаҳри Яккасарой кўчаси 20-уй. Бу манзилни Япониянинг Ўзбекистондаги бир парчасига ўхшатишади. Чунки унда кунчиқар мамлакат халқи вакилларига оид ҳужжатлар, уларнинг қўли билан ясалган буюмлар-у суратлар жамланган. Гап шундаки, бу манзилда 1940 йилларда Ўзбекистонга интернация қилинган япон аскарлари хотира музейи жойлашган.

Музей раҳбари ва уни очиш ғояси муаллифи – Жалил Султонов. 80 ёшни қоралаб қолган Жалил отанинг асл касби муҳандислик. У қиличбозлик бўйича Ўзбекистондаги биринчи спорт устаси ҳам. Аммо тақдир тақозоси билан ҳаётининг катта қисмини айнан Ўзбекистонда яшаган японлар хотирасини тиклашга бағишлаган.

Kun.uz мухбири Жалил ота билан бу ўзига хос музейнинг яралиш тарихи ҳақида суҳбатлашди.

Жалил ота музейнинг кириш қисмида. Совуқ об-ҳаво боис музей биносида сув трубаси ёрилган, экспонатлар йиғиб қўйилган экан.
Шу сабабли музейни одатий ҳолида суратга олишнинг имкони бўлмади. Мақоладаги суратлар Жалил Султоновнинг шахсий архивидан тақдим этилмоқда.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин совет ҳукумати собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудига жами 600 минг нафар япон аскарларини сургун қилади. Шулардан 25 минг нафари Ўзбекистонга, хусусан, 13 770 нафари Тошкент шаҳрига келтирилган.

Улар махсус лагерларга жойлаштирилиб, мажбурий меҳнат ишларига жалб қилинган.

1-суратда японларнинг Ўзбекистонга олиб келиниши, 2-суратда уларнинг меҳнат жараёни акс этган.

Жалил ота бу аскарларнинг хотирасини тиклашга бўлган уринишларини шундай изоҳлайди:

«Қуръонда Аллоҳ инсонларни ягона ота ва онадан яратгани, улар бир-бирларини ўрганишлари учун турли қабила ва уруғларга ажратилгани айтилади. Бу чақириқ менинг японлар ҳаётини ўрганишимга катта туртки бўлган.

Японлар ҳақида биринчи бор 14 ёшимда эшитганман. Рўпарамиздаги уйнинг қоқ ўртасида юқори кучланишли электр тизимининг бир устуни ўрнатилганди. Бу устунни 1947 йилда японлар ўрнатган бўлиб, уйнинг эгаси – дўстимнинг отаси улар ҳақида кўп гапириб берар эди. Яна бир гал, бир японнинг қурилиш вақтида 15–20 метр баландликдан йиқилиб тушганда маҳаллий халқ унга биринчи ёрдам кўрсатиб, бош ён қисмига пиёз эзиб суртишгани, лекин у барибир вафот этганини эшитганман ва жуда ҳаяжонланганман. Кейинчалик талабалик давримда ҳам японлар қурган иншоотларнинг олдига йўлим тушаверди. Умуман, ҳаёт йўлим айнан уларнинг юртимизда бўлиш даври билан жуда кўп кесишди».

Ўзбекистон тарихининг бир қисмига айланган давр – япон аскарларининг бу ерда интернацияда бўлишини ўрганишга Жалил ота кўп қизиқади, аммо архивларга кириш, ҳужжатлар билан танишишга қийинчиликларга дуч келади. Шунинг учун ўз ҳаракатларига ҳуқуқий мақом бериш мақсадида 1994 йилда кўп тармоқли «Ая» фирмасини ташкил қилади.

Японлар ўз лагерларида қовун-тарвуз ейишмоқда

Совет даврида японларнинг Ўзбекистонда бўлиши билан боғлиқ архив ҳужжатлари махфийлаштирилган. Мустақиллик йилларидагина уларни ўрганиш имкони пайдо бўлади.

Жалил ота 1998 йилда улар ҳақидаги барча маълумот-у эсдаликларни бир жойга жамлашга қарор қилади ва ўз маблағлари ҳисобидан ҳовлисида музей ташкиллаштиради.

«Асирлар орасида профессионал ҳарбийлар умуман йўқ эди»

Ўзбеклар ўз ихтиёрига қарши ватанидан узоққа келиб қолган японларга жуда илиқ муносабатда бўлишган. Японлар ҳам бу меҳрга ҳурмат рамзи ўлароқ, ўзбек оилаларига турли совғалар беришган. Музейдан улар ўзбек оилаларига ясаб берган тули экспонатлар жой олган. Унда сопол ўйинчоқлар, беланчак, қайчи, қошиқ, портрет ва суратлар, стол каби турли буюмлар бор.

Музей экспонати
Японлар ясаган оёқ кийим

«Японлар ўз касбининг устаси бўлишган. Мисол учун, бир япон ўзбек оиласига ўз ҳолича узоқ тебраниб турадиган беланчак ясаб берган экан. Шу беланчакда 55 йил давомида оиланинг фарзанд-у неваралари катта бўлишади. Оиланинг отахони Раҳматилла Маҳкамов кейинчалик бу беланчакни музейга тақдим қилди.

Ўзбек оиласи учун ясалган япон беланчаги

Японлар Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри, Муқимий номли мусиқали драма театри, Марказий телеграф биноси, қоғоз комбинати, «Ташсельмаш» заводи, Авиация заводи, электрокабел заводи, Фарҳод ГЭСи каби иншоотлар, шунингдек, яна кўплаб бинолар, йўллар, юқори қувватли электр тармоқлари қурилишида иштирок этишган.

Аҳамиятлиси, 1966 йилда Тошкентда бўлган кучли зилзила вақтида ҳам японлар қурган бинолар жиддий шикаст кўрмаган», – дея хотирлайди музей эгаси.

1948 йилда японлар қурилишида иштирок этган Ангрен нон заводи
Музей экспонати

Жалил отанинг айтишича, асирга туширилиб, олиб келинган япон аскарлари орасида бир нафар ҳам профессионал ҳарбий бўлмаган экан. Уларнинг барчаси урушга сафарбар қилинган тўқувчи, дурадгор, кулол сингари ҳунармандлар бўлишган. Яъни ҳарбийлар сингари эмас, оиласи ва қўшнилари билан тинчликда яшашни истовчи одамлар бўлишган.

Шифобахш лағмон

2002 йилда музейга Оказаки шаҳридан Ясуо Одаки келади. У ҳам ўша сургун қилинган японлар сафида бўлган. 1945–1946 йилларда у ғишт заводида, кейинчалик Алишер Навоий номидаги театрнинг қурилишида ишлаган. Тошкент шаҳрига келганидан 1,5–2 ой ўтиб, у хасталаниб қолади. Шунда японлар яшаётган бараклар рўпарасида истиқомат қилувчи Сарвара исмли бир ўзбек қизи унга лағмон тайёрлаб берган экан. Одаки айнан ўша лағмонга қўшилган меҳр тафтидан тузалиб кетганини хотирлайди.

Сарваранинг бу яхшилигини ҳалигача унутмаган Одаки Жалил отадан шу қизни топиб беришини илтимос қилади, унга миннатдорлик билдирмоқчи эканини айтади. Жалил ота Сарварани топиш учун эълон бериб ҳам унинг дарагини қила олмайди. Кейинги йилларда яна музейга келган Одаки эса ўзбек қизига миннатдорлигини билдира олмаганидан афсусланиб қолади.

Ватанга қайтиш

Японларни ўз ватанига қайтариш жараёни узоқ ва босқичма-босқич давом этган. Репатриация 1956 йилларда якунланган. Бу воқеа муносабати билан Япониянинг Майзуру шаҳрида репатриация музейи ҳам ташкил этилган.

Кичик ГЭС сув оқаваси. Ватанган қайтишдан олдин олинган сурат. 1949 йил
Майзуру шаҳри, ватанга қайтиш

Японларнинг ҳаммасига ҳам ўз ватанига қайтиш насиб этмаган. Улардан 812 нафари Ўзбекистон тупроғида абадий қолиб кетган.

1958 йилда Қўқон ва Когон шаҳарларидаги махсус қабристонлардан ташқари Ўзбекистондаги барча япон қабристонларини йўқ қилиш бўйича Москвадан кўрсатма келади. Аммо шунга қарамай, бу қабристонлар сақлаб қолинган.

Ўзбекистондаги японлар қабристонлари

Жалил отанинг айтишича, совет давлатлари бўйлаб сургун қилинган японлар ватанига қайтарилгач, энг паст ўлим кўрсаткичи Ўзбекистонда бўлган – 2,5 фоиз. Японлар фаолият кўрсатган бошқа давлатларда улар орасидаги ўлим кўрсаткичи 15–20 фоизгача етган.

Император ордени

2015 йилда Япониянинг ўша вақтдаги бош вазири Синдзо Абэ Тошкентга ташрифи давомида бу музейда бўлади ва Жалил Султоновни Японияга таклиф қилади.

Синдзо Абэнинг музейга ташрифидан лавҳа. Суратда чапдан ўнгга: Жалил Султонов, ҳар икки мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазирлари – Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ.

2016 йилда шу таклифга биноан Жалил Султонов Японияга боради, уни Синдзо Абэнинг ўзи қабул қилади.

Жалил Султонов невараси ва рафиқаси билан Синдзо Абэнинг қабулида, Япония

Жалил ота япон ҳарбийларининг хотирасини сақлаш, икки мамлакат дўстлигини ривожлантириш йўлида қилган меҳнатлари учун 2016 йилда «Отаётган қуёш, олтин ва кумуш нурлар» император ордени билан тақдирланди. Шунингдек, 2020 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан президент фармонига асосан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

Император ордени
Жалил Султонов ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Нобуаки Ито орденни топшириш маросимида

Жалил Султонов музей фаолиятини ривожлантириш истагида. У ўз ҳовлисининг бир қисмида япон архитектураси асосида иншоот қурдириб, музейни шу ерга кўчирмоқчи.

«Модомики бу музей япон ва ўзбек халқларининг дўстлиги, Япониянинг Ўзбекистондаги бир парчаси рамзи экан, у визуал жиҳатдан ҳам кунчиқар мамлакат нафасини эслатиши керак», дейди у. Биз суҳбатга борган чоғимизда қурилиш ишлари аллақачон бошлаб юборилганди.

Жалил ота ҳозир нафақада. Музей фаолиятини кейинчалик давом эттириш учун ўзига издош тайёрлаяпти – невараси Рисолат бобоси билан Японияда Синдзо Абэ қабулида бўлгач, бу мамлакатга, унинг тарихи ва маданиятига меҳр қўйган. У ҳозирда Тошкент давлат шарқшунослик институтнинг япон филологияси йўналишида таҳсил олмоқда. Музейга келган меҳмонлар учун асосий экскурсоводлик вазифасини ҳам ҳозирда Рисолат бажаряпти.

Саодат Абдураҳмонова,
Kun.uz мухбири

Top