Ўзбекистон | 15:17 / 03.02.2021
8394
2 дақиқада ўқилади

The Economist: Ўзбекистон демократия индексида 155-поғонага кўтарилди

Ўзбекистон Демократия индекси рейтингида икки поғона юқорилаб, 167та мамлакат ичида 155-ўринга лойиқ кўрилди. Шунингдек, Ўзбекистон 57та авторитар режимдаги давлатлардан бири сифатида тан олинган.

Фото: РИА Новости

Буюк Британиянинг The Economist нашри 2020 йил учун Демократия индекси рейтингини эълон қилди. Унда 165та давлат ва 2та маъмурий бирлик ҳақида сўз юритилган. Ушбу рейтингда Ўзбекистон 155 поғонада қайд этилган бўлиб, 2019 йилга нисбатан мамлакат ўз позициясини 2 поғонага яхшилаган.

2020 йил учун эълон қилинган рейтингда 167та мамлакатнинг 116таси ўз позициясини йўқотгани, фақат 38та мамлакат ҳолати яхшилангани қайд этилган.

Ушбу индексни тузишда пандемия келтириб чиқарган муаммолар ҳам инобатга олингани билдирилган. Хусусан, фуқаролар иродасига қарши айрим давлатларда локдаун эълон қилиниши ва карантин чораларини қатъийлаштириш масалаларини танқид қилган шахсларнинг босимга учрагани рейтингга таъсир қилган.

Осиёда Япония, Жанубий Корея ва Тайван давлатлари тўлиқ демократик режимдаги мамлакатлар сирасига киритилган бўлса, Европанинг Франция ва Португалия давлатлари ушбу мақомдан маҳрум этилган.

Ушбу индексга умумий 9,81 балл билан Норвегия бошчилик қилди. Марказий Осиё давлатларининг барчаси авторитар режимга мансуб экани кўрсатилган индексда фақат Қирғизистон аралаш режимдаги давлат экани тан олинган. Шунингдек, Россия, Беларусь ва Озарбойжон давлатларида ҳам авторитаризм ҳукмрон экани қайд этилган.

Маълумот учун, ушбу индексни тузишда сайлов жараёнлари ва ҳур фикрлилик, ҳукуматнинг ишлаши, сиёсий иштирок ва маданият шаклланиши ҳамда жамият эркинлиги омиллари инобатга олинади.  

Мавзуга оид