18:56 / 09.02.2021
5753

Шимолий кореялик ҳакерлар бир йилда 300 млн доллардан ортиқ пул ўғирлашгани маълум қилинди

Ўғирланган маблағлар мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва ядро қуроли яратиш дастурини молиялаштиришга сарфланган. 

Фото: Getty Images

Шимолий кореялик ҳакерлар 2019 йилдан 2020 йил ноябригача 300 млн доллардан ортиқ пул ўғирлашган, деб ёзади CNN БМТ экспертларига таяниб.

Мутахассисларнинг ҳисоботига кўра, ҳакерлар қарийб бир йил давомида молия муассасалари ва рақамли валюта алмаштирувчи онлайн-сервисларга бир неча марта ҳужум қилишган. Натижада улар 316 миллион долларни қўлга киритишган.

Ўғирланган маблағлар мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва ядро қуроли яратиш дастурини молиялаштиришга йўналтирилган. 

Мутахассисларнинг фикрича, эндиликда Шимолий Корея "ўзининг ҳар қандай масофага мўлжалланган баллистик ракеталарини ядровий каллаклар билан жиҳозлашга қодир".

КХДРнинг БМТдаги вакиллари мазкур ҳисобот бўйича ҳозирча изоҳ беришмаган.

Top