14:55 / 10.02.2021
16682

Машинани лизинг ёки сотиб олиш шарти билан ижарага олишда нималарга эътибор бериш керак?

2020 йилнинг январ ойидан ҳозиргача фуқаролар томонидан транспорт воситаларини сотиб олиш шарти билан ижарага бериш ёки лизинг хизмати юзасидан шикоятлар кўпаймоқда. Бунда одамларни алдашнинг схемаси қандай?

Фото: Shutterstock

Исътемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълумотига кўра, автомобилни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олиш ёки лизинг хизмати юзасидан норози бўлиб, 2020 йилнинг январ ойидан буён республика бўйича 830 нафар истеъмолчининг мурожаати мавжуд. Агентлик томонидан 585 нафар истеъмолчи фойдасига 5,5 миллиард сўм миқдордаги зарар ундириб берилган.

Хўш, фирибгарликларнинг асл сабаби нимада? Фуқаролар шартнома тузишда нималарга эътибор қаратиши керак? Сотиш шарти билан ижарага бериш ёки лизинг? Бу тушунчалар бир-биридан қандай фарқ қилади?

Ўзбекистон Республикаси «Лизинг тўғрисида»ги қонунига мувофиқ:

Лизинг – молиявий ижаранинг бир тури ҳисобланиб, ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа моддий бойликларни мунтазам равишда ҳақ тўлаб бориб, сотиб олиш шарти билан 12 ойдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш ҳисобланади.

Лизинг шартномаси 3 тарафлама (сотувчи – лизинг олувчи – лизинг берувчи) ёки 2 тарафлама (лизинг олувчи – лизинг берувчи) кўринишида амалга оширилади.

Агар лизинг шартномаси 2 тарафлама тузилса, қўшимча равишда лизинг объектининг олди-сотди шартномаси тузилади.

Лизинг шартномаси қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак:

  • лизинг шартномаси тугагандан кейин лизинг объекти лизинг олувчининг мулки бўлиб ўтса;
  • шартномаси тугагандан кейин лизинг объектининг қолдиқ қиймати унинг умумий қийматининг 20 фоизидан кам бўлса;
  • Шартнома тугагач, лизинг олувчи лизинг объектини унинг бозор қийматидан паст нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса, бунда мулк қиймати шартнома тугаган кундаги бозор қийматига нисбатан олинади.

Баъзи лизинг компаниялари фуқароларга кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара шартномасини тузишни таклиф қилади. Ижара шартномаси лизингга кўп жиҳатдан ўхшайди, аммо фарқ қилади. Лизингда ижарага бериладиган мулк лизинг берувчи томонидан мижоз учун махсус харид қилинади, ижарада бу кенг қабул қилинган қарор ҳисобланмайди (яъни ташкилот автомобил  эгаси бўлмаслиги мумкин). Лизинг шартномасида 3 томон қатнашади, ижара шартномасида 2 томон кифоя, учинчи томон билан шартнома тузилмайди.

Шартнома тузишда нималарга эътибор бериш керак?

Биринчи навбатда, истеъмолчи шартнома турига (кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олишми ёки лизинг) эътибор қаратиш лозим. Сабаби шунга боғлиқ ҳолда томонларнинг мажбурият ва жавобгарлиги ҳам турлича бўлади. Шунингдек, компания рўйхатдан ўтганлиги ва фаолият йўналишлари ҳақида маълумотларни истеъмолчига тақдим қилиши керак. Агар истеъмолчининг илтимосига биноан шартнома нотариал тасдиқланмаган бўлса, бу лизинг эмас.

Бундан ташқари, шартнома имзолашда харид қилувчи томонларнинг мажбурият ва жавобгарликларига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Гап шундаки, компаниялар жавобгарликни истеъмолчиларнинг зиммасига юклашга ҳаракат қилади ва якунда харидор зарар кўриши ёки автомобилдан айрилиши ҳам мумкин.

Агентлик маълумотларига кўра, асосан қуйидаги ҳолатларда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган:

  • аванс тўловлари тўғрисидаги шартномаларда транспорт воситасининг тўлиқ қиймати кўрсатилмаслиги;
  • ижарага олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни йиғиш,тайёрлаш ва расмийлаштириш билан боғлқ харажатларни қоплашга истеъмолчилардан фоиз ундириш;
  • ташкилотнинг ўз мажбуриятларини номувофиқ ёки ўз вақтида бажармаганлиги учун пеня миқдори шартномада кўрсатилмаслиги;

Булардан ташқари, бошланғич тўловни амалга ошириб, бир неча ойлаб(шартнома бўйича 120 иш куни) автомобил воситасини кутаётган истеъмолчига шартномада кўрсатилмаган, нархи қимматроқ бошқа русумдаги автомобил воситаси таклиф этилаётган ҳолатлар кузатилган.

Top