20:32 / 10.02.2021
31184

Йўллар бўйича барча ташқи лойиҳаларни 2 йилга тўхтатамиз, бор кучни ички йўлларга қаратамиз — президент

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган видеоселекторда чекка ҳудудлардаги йўлларни таъмирлаш ва ичимлик суви таъминоти масалалари бўйича топшириқлар берди.

«Очилбой Раматов раҳбарлигидаги комплексга – йил якунига қадар 10 минг километрдан ортиқ ички ва қишлоқ (маҳалла) йўлларини таъмирлаш, 700дан ортиқ аҳоли пунктига (3 миллион аҳоли) тоза ичимлик суви етказиш асосий вазифа бўлиши керак.

Хориждаги ҳамкорларимизни огоҳлантиринглар – йўллар бўйича икки йил барча ташқи лойиҳаларни тўхтатамиз, барча кучни ички йўлларга қаратамиз. Соҳадаги вазият мени мутлақо қониқтирмайди. Йўлларни таъмирлашда давлат-хусусий шерикчилик тизимини жорий қилишимиз керак. Мана, пандемия пайтида ДХШ иш берди-ку, нега бу соҳада қўлламаслигимиз керак? Одамларимиз [Раматовга қарата] йўл ва сувдан норози.

Бунда, қишлоқ ва маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлашда «қум-шағал қоришмаси»дан фойдаланиш ҳисобидан, арзон ва кўпроқ йўлларни таъмирлашга жойлардаги сектор раҳбарлари, Халқ қабулхоналари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари шахсан бош-қош бўлишлари шарт», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси Улуғбек Мустафоевга икки ой муддатда таъмирга муҳтож электр тармоқлари ва трансформаторларни «маҳаллабай» хатловдан ўтказиб, уларни янгилаш дастурини тасдиқлаш вазифаси берилган. Бунда йил якунига қадар 15 минг километр электр тармоқлари ҳамда 4 мингта трансформатор янгиланиши керак.

Шунингдек, Раматов, Маҳкамов, Бобоев, Абдувалиев вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда 5,5 мингга яқин таъмирталаб катта-кичик кўприкларни реконструкция қилиш бўйича «манзилли дастур»ни тасдиқлайди. Бунинг учун аввало Абдувалиев, Адиз Бобоев бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, икки ҳафта муддатда барча кўприклар қайта хатловдан ўтказилиши зарур.

Раматов, Кудбиев, Кадастр агентлиги (Ф.Умаров) икки ҳафта муддатда кўприклар кадастрини шакллантириб, эгаларига бириктириб бериши кўрсатма қилинган.

Шунингдек, Раматов, Ш.Ҳидоятов вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йил 1 мартга қадар аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада яхшилаш бўйича дастурни тасдиқлайди. Бунда, кўп квартирали уйларнинг 2 мингта лифтини таъмирлаш ва янгисига алмаштириш, 4,5 мингта кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш назарда тутилиши зарур.

Давлат раҳбари Раматов, Зокиров, Ш.Ҳидоятов вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йилда шаҳарларда камида 21 мингта, қишлоқларда 8 минг 800та уй-жойлар барпо қилиши лозимлиги бўйича ҳам топшириқ берган.

Top