19:46 / 12.02.2021
3291

17 мингга яқин самарқандлик алимент тўламагани сабаб чет элга чиқишга вақтинча тақиқ қўйилган

Самарқанд вилоятида алиментдан қарздорлиги бўлган 16 964 нафар шахснинг хорижга чиқишига вақтинчалик тақиқ қўйилган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, 2020 йилда Самарқанд вилоятида алимент ундириш билан боғлиқ жами 30 693 та ижро ҳужжатидан 4 489 таси тамомланган. Қолган ижро ҳужжатлари юзасидан маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда алимент тўловларини ундириш ва оилаларни яраштириш чоралари кўрилмоқда.

Таъкидланишича, 2020 йилда 464 нафар алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан суд қарорлари билан маъмурий қамоқ тарзидаги жазо чораси қўлланилган. Бу жазо чорасидан кейин ҳам 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламаган 49 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, 2020 йилда МИБнинг Самарқанд вилоят бошқармаси, туман-шаҳар бўлимлари томонидан давлат фойдасига жами 272 миллиард 384,4 миллион сўм ундирилган. Президентнинг 2020 йил 24 ноябрдаги фармонига мувофиқ, ижро ҳужжати бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши белгиланган. 

 

Top