Ўзбекистон | 19:25 / 11.03.2024
33386
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда икки йил олдин қидирувга берилган ота уйининг ертўласидан топилди

У 3 нафар фарзанди учун алимент тўламасдан қочиб юрган. Қарздор отага 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фото: МИБ

МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси инспекторлари ҳамда бюронинг Ангор туман бўлими томонидан олиб борилган тадбир давомида фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб, икки йил олдин қидирувга берилган ота ўз хонадонининг ертўла қисмидан топилди. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ангор туманида яшовчи фуқаро Ф.М. турмуш ўртоғи билан ажрашгандан сўнг, 2019 йил январ ойидаги суд буйруғига асосан вояга етмаган 3 нафар фарзандининг моддий таъминотига масъул этиб белгиланган. Бироқ қарздор ота алимент тўлашдан бўйин товлаб келган.

Қидирувда бўлган ота ҳақида олинган маълумотлар асосида МИБ Ангор туман бўлими давлат ижрочиси Сайёра Тожиева қарздорнинг яшаш манзилига бориб, яқинларига ижро иши ҳақида тушунтириш берган. Аммо бундан наф бўлмагач, хонадондаги қорамолни хатловга олиш жараёнида тўсатдан кутилмаган ҳолат юз берган: қорамолдан айрилишни истамаган хонадон эгалари қарздор уйнинг ертўласига яшириниб олганини билдиришган.

Қарздор ота иши жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида кўриб чиқилиб, унга 51 млн сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги сабаб 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Қуйи Чирчиқ туманида онасига алимент тўламаган ака-сингил 15 суткага қамалганди.

Мавзуга оид