19:48 / 16.02.2021
4401

Чодакда аҳолининг 24 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Бу ерда 12,2 км узунликдаги магистрал тармоқ тортилмоқда

Айни вақтда Наманган вилоятида бўлиб турган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакиллари Чодак қишлоғидаги ичимлик суви муаммосини ўрганишмоқда. Мутахассислар жами 3та, яъни сув тўпланадиган, сувни фильтрлайдиган ҳамда турли тозалаш жараёнидан ўтказадиган объектларни кўздан кечиришган.

Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, маҳаллий мутахассислар бундаги асосий муаммо Чодак сув иншоотида сувнинг йўқлиги билан боғлиқлигини таъкидлашган.

Наманган вилояти марказидан 125-130 км узоқликдаги Чодак қишлоғида жами 5 223та хонадон, 6 917та оила мавжуд бўлиб, уларда қарийб 32 минг аҳоли истиқомат қилади. Сўнгги йилларда ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси паст бўлиб келган.

Маълум бўлишича, 2020-2021 йиллар давомида Инвестиция дастури доирасида «Чодак-1» ва «Чодак-2» иншоотлари орқали аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 8 млрд сўм эвазига 12,2 км (7,2 км Д-400, 5 км Д-200) магистрал тармоқ тортиш режалаштирилган ва айни кунларда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар пудрат ташкилоти томонидан 10,1 км магистрал тармоқ тортиш ишлари якунланган. Маҳаллалардаги ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 9 млрд 899 млн сўм, жумладан, 12,2 км яроқсиз ҳолдаги ичимлик суви тармоқларини тўлиқ реконструкция қилиш ҳамда сув иншоотларига зарарсизлантириш ускуналарини ўрнатиш учун 5 млрд 229 млн сўм, 5060та хонадонни ичимлик суви тармоғига улаш учун 7 км узунликдаги ички ичимлик сув тармоқлари тортишга 3 млрд 170 млн сўм, «Ўрта Хонобод» сув тўплаш иншоотига қўшимча равишда ҳажми 500 куб метр бўлган 2та тоза сув сақлаш ҳовузи ва фильтр станцияси қуриш учун 1 млрд 500 млн сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Натижада Чодак қишлоғида яшовчи 32 минг 169 нафар аҳолининг 27 минг 344 нафари (85 фоизи) ичимлик суви билан таъминланади.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда Чодак қишлоғининг 7 минг аҳолисигина ичимлик суви билан таъминланган. Бу умумий кўрсаткичнинг 24 фоизига тенг.

Top