16:46 / 16.02.2021
12081

Столтенберг НАТО Россия билан тўқнашишга ҳам, ҳамкорликка ҳам тайёрлигини маълум қилди

Фото: EPA-EFE/OLIVIER HOSLET

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс Россия билан тўқнашишга ҳам, ҳамкорлик қилишга ҳам тайёрлигини таъкидлади. У бу ҳақда El Mundo нашрига берган интервюсида айтди.

"Россияга аниқ сигнал бериш кераклигига ишонаман: агар улар тўқнашувни истаса, биз тайёрмиз. Агар ҳамкорлик қилишни хоҳласа, хурсанд бўламиз", - деди Столтенберг.

 "Ҳаттоки Москва билан муносабатлар яхшиланишига ишонмасак ҳам мулоқотни давом эттиришимиз керак, чунки муҳим алоқа ва муносабатларни қўллаб-қувватлаш зарур", - деб қўшимча қилди НАТО бош котиби.

"Россия бизнинг қўшнимиз, манфаатлар мавжуд, айниқса чегараларда турли ҳодисаларнинг олдини олиш лозим”, - деди Столтенберг.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Европа иттифоқи билан муносабатларни узишга тайёрлигини айтганди.

Кейинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Лавровнинг сўзлари бузиб талқин қилинганлигини айтди.

"Биз айнан шуни хоҳламаймиз, Евроиттифоқ билан муносабатларни ривожлантиришни истаймиз, аммо агар Евроиттифоқ бошқа йўлдан борадиган бўлса, унда биз ҳам тайёрмиз", - деди Песков.

Top