15:33 / 19.02.2021
8060

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ташқи савдо иштирокчиларини фирибгарлардан огоҳлантирди

Ташқи савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг почта манзиллари бузиб кирилиши ва маблағлари ўғирланиши билан боғлиқ мурожаатлари ортиб бормоқда, деб маълум қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Хабар қилинишича, икки ўзаро ҳамкор инсофли компания ўртасидаги савдо алоқалари доирасида жиноятчилар товар етказиб берувчининг электрон почтасини бузиб кириб, ўзаро ёзишмаларни қўлга киритган ҳолда сохта ҳужжатлар орқали етказиладиган товар учун тўловни амалга ошириш тўғрисида харидор ёки молиявий ташкилотнинг манзилига хат юборгани ҳолатлари аниқланган.

Бу ҳолатларда етказиб берувчи компания бир мамлакатда, сохта маълумотлар йўналтирилган компания реквизитлари бошқа мамлакатга тегишли бўлган.

Ўғирланган маблағларнинг кейинги ҳаракатларини ўрганилганда, аниқланишича, қўлга киритилган пуллар иккинчи мамлакатда вақтинча яшовчи шахс томонидан нақдлаштирилган ва учинчи мамлакатга олиб чиқиб кетилган.

«Шу сабабли, чет эл компаниялари ёки ишлаб чиқарувчилари билан ўзаро савдо ҳамкорлигини амалга оширишда ҳушёр бўлишга, очиқ манбалар, улар тўғрисида ёзилган шарҳлар орқали тадбиркорларнинг ҳалоллигини ўрганишга ҳамда номаълум ва шубҳали манзиллардан келган хабарлар ва ҳаволаларни (ссылка) очмасликка чақирамиз.

Ахборот хавфсизлигини таъминлашда лицензияланган дастурий таъминот воситаларидан фойдаланиш, шахсий почта, мобил ҳамда компютер қурилмаларига киришда икки факторли аутентификациядан фойдаланиш, шунингдек муқобил алоқа каналлари орқали хорижий шериклар билан тузилган шартномаларнинг ишончлилигини қайта текшириш орқали жиноятчилар томонидан маблағларингизни ўғирлаш хавфини сезиларли даражада камайтирасиз», – дейилади департамент мурожаатида.

Top