08:50 / 19.02.2021
4039

Ўзбекистон тарихида илк бор маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори E-qaror тизими орқали қабул қилинди

Ўзбекистон тарихида илк бор вилоят ҳокимининг расмий қарори электрон рақамли имзо орқали, бирорта қоғоз ишлатилмасдан E-qaror электрон тизими орқали қабул қилинди. Мазкур қарор Қашқадарё вилояти ҳокимига тегишлидир.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, янги онлайн дастурнинг устунлик томони - чиқарилаётган қарорларни тўғридан тўғри E-qaror тизими орқали кенг жамоатчилик бемалол кузатиб бориши мумкин.

E-qaror электрон тизимини республиканинг барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жорий этилиши улар фаолияти ва иш юритуви шаффофлашишига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлишининг олдини олишга, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатларни келтириб чиқарувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловлар жорий этадиган нормалар ўрнатилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинишининг олдини олиш, ҳокимликлар фаолияти очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорга асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг E-qaror тизимини 2021 йил январь – май ойларида Қашқадарё вилоятида апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши, 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида E-qaror электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилиши белгиланган.

Top