15:33 / 22.02.2021
10528

АҚШда фарзанди совуқда ҳалок бўлган оила энергетика компаниясидан 100 млн доллар талаб қилди

Маълумот берилишича, Конро шаҳри электр таъминотисиз қолганидан сўнг трейлерда тунаган 11 ёшли Кристиан Павон вафот этган.

Фото: Getty Images

Техас штатида фарзанди совуқда ҳалок бўлган оила штатдаги истеъмолчиларнинг қарийб 90 фоизига хизмат кўрсатувчи ERCOT (Electric Reliability Council of Texas) энергетика компаниялари гуруҳи ва маҳаллий Entergy компаниясини судга бериб, 100 млн доллар товон пули тўлашини талаб қилди. Бу ҳақда KHOU телекомпанияси хабар бермоқда.

Телекомпаниянинг маълумот беришича, Конро шаҳри электр таъминотисиз қолганидан сўнг трейлерда тунаган 11 ёшли Кристиан Павон вафот этган. Оиласининг сўзларига кўра, бола совуқ қотиш натижасида ҳалок бўлган.

Entergy Павоннинг вафоти муносабати билан таъзия билдирган. Шу билан бирга, ERCOT маҳаллий энергетика компаниялари электр тармоқларини ўчириб тўғри иш қилганига ишонч билдирган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳафтада АҚШнинг қатор ҳудудларида аномал совуқ ва қор бўронлари содир бўлди. Ноқулай об-ҳаво сабабли электр таъминотида узилишлар рўй берди, қатор корхоналар иш фаолияти тўхтаб қолди. Элликка яқин киши табиий офат қурбони бўлган.

Президент Жо Байден Техас штатини табиий офат ҳудуди деб эълон қилди.

Top