17:43 / 23.02.2021
8371

«Кўнгил кўзи» лойиҳаси: Саида Мирзиёева кўз нури тикланаётган жиззахлик болалар билан учрашди

«Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида, ихтисослашган мактаб-интернатларнинг кўзи ожиз ва заиф кўрувчи тарбияланувчиларини даволаш жараёнлари бир неча кун олдин бошланган эди. Акция доирасида 478 нафар болада жами 630 та жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Лойиҳа муаллифи, Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева 22 февраль куни жарроҳлик амалиётидан сўнг кўриш қобилияти яхшиланган бир гуруҳ болалар билан учрашди.

«Кеча биз Республика кўз микрохирургияси марказида 11 нафар бемор – Жиззахдаги заиф кўрувчи болаларга ихтисослашган мактаб-интернати ўқувчилари билан учрашдик.

«Ko‘ngil ko‘zi» лойиҳаси шифокорлар кўмагида кўз нурини қайтаришга ёрдам беришда давом этмоқда ва кун сайин қувончли хабарлар сони ортмоқда, мен уларнинг ҳар бирини сизга сўзлаб беришни истардим.

Масалан, операция ёрдамида Исомиддиннинг кўриш қобилияти 1 фоиздан 30 фоизга ошди, Отабекдаги туғма нуқсон даволанди, Зайнурада эса эстетик жарроҳлик амалиёти ўтказилди, замонавий протез қўйилди ва унинг юзи умуман бошқача қиёфа касб этди. Улар бахтиёр, мен ҳам уларни кўриб бахтлиман.

Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, яхшиси видеони кўринг. Бу болаларнинг ҳар бирини хаёлан бағрингизга босинг, улар бунга лойиқдирлар!»дея учрашувдан тассуротлари билан бўлишган Саида Мирзиёева Telegram'даги постига видео ҳам илова қилган.

Эслатиб ўтамиз, 600дан ортиқ жарроҳлик амалиётларига киришишдан олдин, хайрия акцияси доирасида республикадаги ихтисослашган мактаб-интернат ўқувчилари оммавий текширувдан ўтказилди.

Аввалроқ, дастлабки беморлар – 11 нафар жиззахлик болаларнинг 9 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилиши, икки нафарига эса кўз протезлари қўйилиши маълум қилинганди.

Top