08:09 / 24.02.2021
38099

Пойтахтда ўзини ҳуқуқ-тартибот идораси ходими сифатида таништирган шахс калтакланиши оқибатида вафот этди

2021 йил 18 февраль куни соат 19:30ларда 23 ёшли Ағзамжон Х. Тошкент шаҳри Яшнобод тумани “Катта Қўйлиқ” МФЙда жойлашган “Раимжон ота” кафесида таниши, 28 ёшли Бобомурод М. билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, суҳбат давомида Бобомурод М. ўзини “Миллий гвардия ва ИИБ ходимиман” деб, Ағзамжон Х.ни шахсиятга тегувчи сўзлар билан ҳақорат қилган.

Қайд этилишича, Ағзамжон Х.да “сенлар мени 10 суткага қаматгансизлар” деб унга нафрат уйғонган ва шу куни соат 01:00ларда Бобомурод М.ни “Катта Қўйлиқ” МФЙ ҳудудидаги ерости йўлагига олиб бориб, у ерда танасининг турли жойларига оёқ ва қўллари билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Натижада, Бобомурод М. олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ағзамжон Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, марҳум Бобомурод М. Миллий гвардия ходими эмаслиги, 2-гуруҳ ногирони бўлиб, ҳеч қаерда ишламаслиги, Ағзамжон Х. эса мардикорлик билан шуғулланиб бир неча маротаба маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги туфайли унга нисбатан 10 сутка қамоқ жазоси қўлланилганлиги маълум бўлган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Top