16:47 / 24.02.2021
4917

Самарқандда гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаётган ва сотаётган бир қанча шахслар аниқланди

Самарқанд вилояти ИИБ томонидан айни кунларда «Зарбдор ойлиги» ўтказилмоқда. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, тадбирлар давомида вилоятнинг турли ҳудудларида ноқонуний тарзда гиёҳванд моддалар сақлаб келаётган бир қанча шахслар аниқланган. Бир фуқаро ов қуролини ўз ихтиёри билан топширган.

Жумладан, олиб борилган тинтув тергов ҳаракатлари давомида, Иштихон тумани Бойтуви маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган Қ.Б. нинг яшаш уйидаги дарахт шохлари орасидан оғирлиги 100 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилган;

Иштихон тумани Дехқонобод маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган М.Х. нинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтувда, ошхонасидаги ўчоқ ичидан ҳамда товуқхонасининг устидан тахминий оғирлиги 1 кг бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилган;

Иштихон тумани Чақар қишлоғида яшовчи 1960 йилда туғилган У.А. нинг яшаш манзили тинтув қилинганида, уйидаги шкаф ичида бўлган кийимларининг чўнтагидан тахминан 30 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси топилган ва холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Бундан ташқари, 22 февраль куни Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан Ургут шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда, 1956 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан судланган, Ургут тумани Мозортепа маҳалласида яшовчи, Б.У. ва Ургут тумани Камардон маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган, У.Ж. лар 1 миллион 700 минг сўмга героин гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, тадбирлар давомида Оқдарё тумани Султон қишлоғида яшовчи 1984 йилда туғилган Э.Д. марҳум бобосидан қолган  16 калибрли, бир кўзли, №С20516 рақамли ов қуролини ўз ихтиёри билан топширган. Маълум бўлишича у қуролни яшаш уйининг ертўласида таъмирлаш ишларини олиб бораётганда топиб олган. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний ҳал қилишлик учун Оқдарё туман ИИБга топширилган.

Маълумот учун, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўшма фармойишига асосан, вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, «Зарбдор ойлиги» эълон қилинган.

Таъкидланишича, «Зарбдор ойлиги» вилоятдаги ҳудудларни криминоген вазиятига қараб тоифаларга ажратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишларни ташкил этиш, вояга етмаганлар, ёшлар орасида психотроп моддаларнинг тарқалиши ҳамда фохишахоналар фаолиятига чек қўйиш бўйича рейд тадбирлари ташкиллаштиришни назарда тутади.

Top