00:09 / 25.02.2021
15654

Қамчиқ довони юк машиналари учун ёпилди. Ҳаракат бутунлай тўхтатилиши ҳам мумкин

Ёғингарчилик сабаб довонда транспорт воситалари ҳаракати сустлашиб, қатор нуқталарда тирбандликлар кузатилмоқда.

Қор бўрон туфайли Қамчиқ довонида юк машиналари ҳаракатланиши вақтинча чекланди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов Kun.uz'га маълум қилди.

Содиқовга кўра, довонда енгил автомобиллар ҳаракатланишда давом этмоқда, лекин қор ёғиши кучайса ва йўлларни тозалашга улгурилмаса, хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳаракат бутунлай тўхталиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда расмий хабар берилади.

Вазирлик зарурат бўлмаса Қамчиқ довони орқали ўтадиган сафарга чиқмасликни тавсия этмоқда.

24 февраль куни, шунингдек, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтиқорача довонида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси барча йўл ҳаракати иштирокчиларига мурожаат билан чиқиб, музлама йўлларда эҳтиёт чораларини кўришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчиқ довонида икки автомобил ағдарилиб кетгани хабар қилинганди.

Top