10:41 / 26.02.2021
7783

Андижонда банклар томонидан ажратилган имтиёзли кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

«Агробанк», «Микрокредитбанк» ҳамда «Халқ банки»нинг шаҳар ва туман филиаллари томонидан ёшларга ажратилган кредит маблағлари Марказий банк Андижон вилояти бош бошқармаси томонидан ўрганилди.

Мониторинг натижаларига кўра, «Халқ банки» Куйганёр филиалидан «Development Innovation» МЧЖга 2020 йил ноябрдаги кредит шартномасига асосан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш учун ажратилган 550 млн сўм имтиёзли кредит талон-торож қилингани аниқланган.

Мазкур маблағ «Alliance Traiding House» МЧЖга ускуналар сотиб олиш учун ўтказилган. Бироқ ўрганиш давомида кредит олувчи кўрсатган манзилда ускуналар мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Шунингдек, ушбу банк томонидан «Xikmatullox Tekstil» МЧЖга 2020 йил ноябрида хизмат кўрсатиш йўналишида 400 млн сўм имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу маблағ «Alliance Premium House» МЧЖга тикувчилик ускуналари сотиб олиш учун ўтказилган. Текшириш натижасида имтиёзли кредит маблағи ҳисобига тикув дастгоҳлари олиб келинмагани, банк ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари томонидан мазкур имтиёзли кредит маблағи ўзлаштирилгани аниқланган.

Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилоят бошқармаси Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур материалларга асосан жорий йилнинг 22 феврал куни Андижон туман прокуратураси томонидан «Alliance Premium House» ва «Alliance Traiding House» МЧЖлар раҳбари К.Х., «Development Innovation» МЧЖ раҳбари М.С. ва «Xikmatullox Tekstil» МЧЖ раҳбари Х.Ҳ. ҳамда «Халқ банки» Куйганёр филиали мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми ва 209-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

«Alliance Premium House» ва «Alliance Traiding House» МЧЖлар раҳбари К.Х. жиноят ишига гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top