15 та тижорат банки Тошкентдаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этиш ҳаракатини бошлади. Кутубхоналар 1 майдан бошлаб кетма-кет ишга туширилади.
Бу ҳақда маълум қилган президент маслаҳатчисининг ўринбосари Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, банклар “Кутубхоначи қиз” Telegram-канали муаллифи Шаҳноза Наврўзова Бухоро вилоятининг Олот туманида кутубхона очганидан илҳомланиб, бу ташаббусга қўл урган.
Kun.uz аввалроқ Шаҳноза Наврўзова билан суҳбат эълон қилган эди.

Ишметовнинг маълум қилишича, Тошкентда бошланаётган лойиҳага “Маҳалла кутубхонаси” дея ном берилган.
“Улар маҳалла учун оммабоп масканга айланадими? Келажакда уларнинг сонини кўпайтириб, ягона тармоққа бирлаштириш мумкинми? Уларнинг узлуксиз ишлаши, китоблар билан тўлдириб турилиши қандай ташкил қилинади? Ушбу саволлар жавоби устида бош қотирамиз, ҳозирча бошлайверайлик”, – дея ёзди у X тармоғида.
Лойиҳа доирасида Саноатқурилишбанк 15 та, Миллий банк 14 та, Халқ банки 10 та, Ҳамкорбанк 8 та, Ипак йўли банки 8 та, Даврбанк 7 та, Ориент Финанс Банк 6 та, Трастбанк 6та, Туронбанк 6 та, Азия Алянс Банк 5 та, Асакабанк 4 та, Бизнесни ривожлантириш банки 3 та, Инфинбанк 3 та, Микрокредитбанк 3 та, Алоқабанк 2 та маҳаллада кутубхона очмоқда. Президент маслаҳатчиси ўринбосари бунинг учун уларга миннатдорлик билдирган.

“Жараённи кузатиб, кутубхоналар ишга тушгач, уларнинг хизматидан фойдаланиб, ўз фикрингизни билдиринг (кутубхоналарнинг аксарияти маҳалла биноларида жойлашмоқда)”, – дея жамоатчиликка мурожаат қилди Тимур Ишметов.
У банклар томонидан кутубхона ташкил этилаётган маҳаллаларнинг туманлар кесимидаги рўйхатини ҳам келтириб ўтди:















