19:36 / 01.03.2021
2358

БМТ тараққиёт дастури: Аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналарни рағбатлантириш – тикланиш пойдевори

Жаҳоннинг аксарият мамлакатлари сингари, Covid-19 пандемияси Ўзбекистон фуқароларига, айниқса, аёллар ва даромадлари ҳамда тирикчилик манбалари хавф остида қолган аҳолининг бошқа заиф қатламларига жиддий иқтисодий босим ўтказгани сир эмас.

2020 йил бошидан буён ишсизликнинг миллий даражаси 9,1 фоиздан 13,2 фоизгача кўтарилди, бунда энг юқори даража аёллар орасида (17,4 фоиз) ва ёшлар орасида (20,1 фоиз) кузатилди ва бундай ҳолат бутун дунёга хос.

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида истиқомат қилувчи Гулнора Бобоева каби аёлларни карантин чоралари зўрға кун кечиришга мажбур қилди. Унинг ўзи қисқача таъриф берганидек, «ойлик маош етмас эди».

Тумандаги кўпгина аёллар каби Гулнора БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ёрдамида, шунингдек, Канаданинг маҳаллий ташаббуслар жамғармасининг молиявий кўмаги ҳисобига янги корхона очиб, ушбу вазиятдан чиқиш учун қатъий бел боғлади.

Режалаштирилган корхона – гўзаллик салонини ташкил қилиш учун зарурий кўникмалар унда бор эди, лекин асбоб-ускуналар ва маблағлар мавжуд эмас эди, уларни эса БМТ ТД ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тақдим этиши мумкин эди. У мижозларни жалб қилиш учун зарур бўлган барча воситаларни олди, шу жумладан, соч олдириш ва ювиш учун курсилар, кўзгули столлар, қўл ва оёқ тирноқларини олиш учун тагликлар, шунингдек, керакли барча касбий асбоблар.

Гулнора Бобоева ҳам, ўз навбатида, олинган тажрибаси билан улаша бошлади, у ўз корхонасини бошқа аёлларни ўқитиш учун манзилга айлантирди, бу аёллар кейинчалик ўз корхоналарини очиши мумкин бўлади. Салон пандемия даврида ишсиз қолган яна уч нафар малакали уста сартарошларни ишга олди ва улар ҳам бошқа ходимларни шогирдликка олиб, касбга ўргатишди.

«Ушбу малакали аёллар сартарошлари доимий ишга эга бўлишди ва эндиликда яна икки нафар шогирдни ўқитишмоқда, мазкур шогирдлар ҳам келажакда меҳнат фаолиятини юритиб, доимий даромадга эга бўлишади», дейди Гулнора Бобоева.

У ўз салони пандемиядан сўнг пайдо бўладиган талабдан фойдаланиш учун яхши имкониятларга эга бўлгани сабабли яхши кунлар яқин орада келишига умид қилади.

«Авваллари аёлларимиз бу ердан 15 чақирим узоқликда жойлашган шаҳарга боришларига тўғри келарди. Бундан ташқари, шаҳарда нархлар қимматроқ, янги салонимизда эса биз барча истовчилар учун арзон нархларни белгиладик. Энди аёллар узоқ масофага боришга ва ҳар сафар қиммат нарх тўлашга мажбур эмаслар», дейди у.

Тадбиркорлик учун асос яратиш

«Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳлари учун ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш орқали Covid-19 пандемиясига шошилинч жавоб беришни қўллаб-қувватлаш» ташаббуси аҳоли орасида ўз-ўзини банд қилиш учун барқарор имкониятларни яратишда Гулнора каби аёлларга кўмак бериш мақсадида ишлаб чиқилди. Ташаббус аёлларга ўз корхонасини очишни қийинлаштирувчи ва карантин шароитлари сабабли янада кучайган қатор чекловларни бартараф этишга қаратилгандир.

«Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида яшовчи ва ўз шахсий корхоналарини яратмоқчи бўлган аёллар дунёдаги барча анъанавий, жамоатлар учун умумий бўлган муаммолар билан тўқнашмоқдалар, мазкур жамоатларда аёллар фақат уй бекаси вазифасини бажариши лозим бўлиб қолган. Булар қаторига молиявий маблағларнинг, ҳамкасблар ва устозлар томонидан қўллаб-қувватлаш ва маслаҳатлар ва вақт етишмаслиги киради», дейди ушбу ташаббусга раҳбарлик қилувчи БМТ ТД лойиҳаси менежери Дилфуза Абулҳасан.

БМТ ТД Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ушбу ва бошқа ташаббуслар бўйича иш олиб бормоқда, улар пандемия келтириб чиқарган кўпгина муаммоларнинг узоқ муддатли ечимларини топишга қаратилгандир. Ёндашувлардан бири жамоатлар ва уй хўжаликларининг электр қуввати ва тоза ичимлик сувидан фойдаланиши учун ишончли имкониятни таъминлаш учун зарур бўлган ўта муҳим инфратузилмани яратишни назарда тутади. Шунингдек, канадалик ҳамкорлар билан бутун пандемия давомида ўта муҳим бўлган самарали дезинфекция воситаларини тарқатиш бўйича иш олиб борилди.

БМТ ТД, шунингдек, мақсад жамоатларида бандликни оширишга ёрдам бериши мумкин бўлган корхоналар учун керакли моддий воситаларни харид қилди ва тақсимлаб берди. Ташкилот турли соҳаларда, жумладан, тикувчилик, кийим-кечак ишлаб чиқариш, сартарошлик ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда фаолият юритувчи корхоналарга ҳам ўқув марказларида, ҳам корхоналарда фойдаланиш учун мебел жиҳозлари ва ускуналарини тақдим этди.

Ушбу ташаббус туфайли 60 нафар аёллар кийим-кечак безаги бўйича, 170 нафари эса тикувчилик, пазандалик ва бошқа ҳунарлар бўйича ўқитилди. Сирдарё вилоятида шароит қулай бўлганда фойдаланиш учун касбий тайёргарлик маркази қурилишини якунлаш режалаштирилмоқда. Вилоятдаги тижорий тизимнинг кўпгина жойлари иш учун зарур бўлган ресурслар билан таъминланди, жумладан, электр қуввати, сув ва бошқа асосий коммунал хизматлар билан.

Жамоатларга (ва корхоналарга) қайта оёққа туриш учун ёрдам

БМТ ТДнинг иши ва Канаданинг маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг молиявий кўмаги натижасида Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 100 нафар аёллар ўз ишларини очишга муваффақ бўлди, кўпгина аёллар эса бозор кўникмаларига ўргатилади. Ҳунармандчиликка ўргатиш марказида ўтган йили таҳсил олган 60 нафар аёлга қўшимча равишда 2021 йилнинг аввалида яна 1500 нафар аёл расмий касбий таълим олади, бу эса уларга ўз корхоналарини яратиш ва катта иқтисодий мустақилликни олиш ҳамда ҳаёт даражаси сифатини яхшилаш имкониятини беради.

Бир неча танланган корхоналарга ва уларнинг эгаларига ёрдам бериш бутун жамиятларнинг ҳаёт даражасини жиддий кўтаришга имкон бериши мумкин.

«Covid-19, шубҳасиз, саломатликка жиддий таъсир кўрсатди, лекин унинг ижтимоий-иқтисодий асоратлари ҳам шунчалик жиддий бўлди. Бизнинг ташаббусимиз янги тадбиркорларга ўз молиявий соғломлаштирилиши учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари учун ёрдам беришга қаратилгандир. Биз Гулнора каби инсонларни илҳомлантирамиз ва уларга пандемия сусайгани сари ҳамда Ўзбекистонда салмоқли улушга эга бўлган кичик бизнес секторининг яна мустаҳкамланиши давомида ривожланиб борадиган корхоналар учун керакли маблағ ва воситалар берамиз», дейди Абулҳасан хоним.

Top